Ўмоннинг «Хазаен» иқтисодий зонасидаги «Силал» мева-сабзавот бозорида маҳаллий корхоналар маҳсулотларини олти ой давомида намойиш этиш ва тарғиб қилиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси маълум қилди.
Келишув Ўзбекистон озиқ-овқат ва мева-сабзавот экспортчилари вакилларининг Ўмонга ташрифи доирасидаги музокараларда эришилган. Махсус павильонда «ErmakPlus» ва «Uniagro Group» корхоналари маҳсулотларини намойиш этиш кўзда тутилган.
Учрашувларда Ўмонга ҳамда ушбу мамлакат орқали Форс кўрфази давлатларига экспортни йўлга қўйиш, янги савдо ҳамкорларини жалб этиш ва экспорт шартномаларини тузиш масалалари муҳокама қилинган.


