Самарқандда чиройли қилиб безатилган “Мўъжиза” базмгоҳида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси Тиббиёт ходимлари куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Бу ҳақда 2006 йил 12 сентябрда «Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган эди.
Бугун ўтказилган тадбирда шифокорлар, ҳамширалар ҳамда соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат қилган фахрийлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.


Ўз табрик сўзида вилоят ҳокими Адиз Бобоев тиббиёт ходимларига аҳоли саломатлиги йўлида бажариб келаётган муҳим ва айни пайтда оғир ишларида омадлар тилади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли тиббий хизматлар сифати ва кўлами кенгайиб бораётганлиги таъкидланди.
Бунга қатор аниқ мисолар келтирилди. Авваллари самарқандликлар даво истаб хорижга борган бўлса, ҳозир аксарият муолажалар ҳамда жиддий амалиётлар ўзимизда муваффақиятли тарзад бажарилаётганлиги қайд этилди. Ўтаётган йилнинг ўзида вилоятимизда 14 минг нафардан ортиқ хорижлик фуқаро даволаниш мақсадида келганлиги кўп нарсани англатади.
Мамлакатимизда бирламчи тиббий-санитария хизматидан фойдаланиш имконияти яхшиланганини шундан ҳам билса бўладики, ҳар 10 минг нафар аҳолига тўғри келадиган шифокорлар сони ошиб, ўртача 29,4 нафарга етган.
Ўзбекистонда 2026 йил 1 январ ҳолатига 112 420 нафар шифокор фаолият юритган. Уларнинг 53,6 фоизини эркаклар, 46,4 фоизини аёллар ташкил этган.

Ҳаммамиз шифокорлик касби қанчалик улуғланишини яхши биламиз. Маълум бўлишича, дунё миқёсида ҳам шифокорлар энг ишончли касб эгалари деб топилган. Ipsos халқаро тадқиқот компаниясининг 2026 йилги Global Trustworthiness Index тадқиқотида маълум қилинишича, 31та мамлакатда жами 20 та касб ва ижтимоий гуруҳ вакилларига нисбатан жамоатчилик ишончи ўрганилган. Натижаларга кўра, респондентларнинг 58 фоизи шифокорларни ишончли деб ҳисоблайди. Олимлар 57 фоиз, ўқитувчилар эса 53 фоиз кўрсаткич билан кейинги ўринларни эгаллаган.
Ҳа, айтгандек, “Мўъжиза” базмгоҳида ўтказилган байрам тадбири давомида бир гуруҳ тиббиёт ходимлари, жумладан соҳада меҳнат қилиб, қарилик гаштини сураётган фахрийлар ҳам муносиб тақдирланди. Уларга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Соғлиқни сақлаш аълочиси” ва “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишонлари, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилиб, турли номинациялар бўйича ҳам рағбатлантирилди.
КАСБ БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗЛАР!
Тошпўлат Раҳматуллаев


