Туркияда фирибгарликда гумон қилиниб, халқаро қидирувга берилган 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Консулхона маълумотига кўра, М. Н. бош ҳарфлари билан кўрсатилган аёл фуқароларнинг ишончига кириб, уларга биргаликда бизнес лойиҳаларини амалга оширишни таклиф қилган ва шу баҳонада катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Қўлга олинганидан сўнг гумонланувчи кейинги тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Ўзбекистонга қайтарилган.
Бош консулхона таъкидлашича, Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари қидирувга берилган бошқа фуқароларнинг турган жойини аниқлаш, уларни қўлга олиш ва Ватанга қайтариш бўйича ҳамкорликни давом эттирмоқда.


