Урганч, Кўкдала ва Олмазор туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ бир нечта ҳолат аниқланди. Тезкор тадбирлар давомида 2,2 мингдан ортиқ таблетка мусодара қилиниб, гумонланувчилар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Урганч шаҳрида Департамент шаҳар бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда «Жинговуз» маҳалласида яшовчи Ф. Д.нинг уйини текширди. У ерда сотиш мақсадида сақлангани айтилган 1 065 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланди.
Кўкдала туманида «A.G.» хусусий корхонаси раҳбари А. Н. ва сотувчи Ж. Н. ушланди. Тергов версиясига кўра, улар тегишли рухсатномага эга бўлмаган ҳолда «Кўкдала» маҳалласидаги дорихонада кучли таъсир қилувчи дориларни сотишга келишиб олган.
Улар 160 дона «Бензонал» таблеткасини сотаётган вақтда қўлга олинди. Дорихона кўздан кечирилганда, яна 730 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси мусодара қилинди.
Олмазор туманида М. З. 27 дона «Регапен» таблеткасини сотаётган вақтида ушланди. Унинг ёнидан яна 467 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилди.
Бошқа бир ҳолатда эса Ф. М., Б. Т., А. Х. ва муқаддам судланган И. Т. исмли тўрт нафар фуқаро етти дона «Регапен» таблеткасини сотаётган вақтда қўлга олинди.
Аниқланган барча ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 276-6-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ушбу модда наркотик воситалар, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларнинг ноқонуний айланмаси учун жавобгарликни назарда тутади.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


