Германиянинг нуфузли Die Welt нашри Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқи ҳаракатлари билан боғлиқ суд жараёнидаги ҳуқуқий ютуғи ҳақида мақола эълон қилди.
Нашр маълумотларига кўра, 2022 йилда Усмоновга нисбатан санкциялар жорий этишда Европа Иттифоқи ишончлилиги тасдиқланмаган маълумотларга ҳам таянган. Жумладан, Усмонов Владимир Путиннинг ишончли вакили сифатида кўрсатилган. Бироқ мақолада таъкидланишича, ушбу даъволарнинг асослилиги Германия судида исботланмаган.
Усмонов Европа Иттифоқидан ўзи ҳақидаги ишончсиз маълумотларни тарқатишни тўхтатишни талаб қилиб, судга мурожаат қилган. Die Welt маълумотларига кўра, Германиянинг айрим давлат органлари қарийб уч йил давомида унинг даъвосини Европа Иттифоқи Кенгашига расман юборишга тўсқинлик қилган.
2026 йил 21 октябрь куни Германия Федерал Олий суди бу ҳаракатларни ноқонуний деб топиб, Усмоновнинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи бузилганини қайд этди.
Қайд этилишича, Усмонов 22 сентябрь куни Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқарилганига қарамай, унга нисбатан айрим даъволар расмий веб-сайтларда ҳанузгача сақланиб қолган.
Die Welt мақоласи муаллифининг фикрича, ушбу қарор Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган минглаб шахслар учун муҳим прецедент бўлиши мумкин. У уларга нисбатан тарқатилаётган ишончсиз маълумотлар ва асоссиз айбловларни миллий судларда баҳслашиш учун қўшимча имкониятлар яратиши мумкин.
Шу билан бирга, суд санкцияларнинг қонунийлиги ёки қўйилган айбловларнинг моҳияти бўйича ҳозирча якуний қарор чиқармаган. Ушбу қарор фақат даъвонинг кўриб чиқилишига тўсқинлик қилган ҳаракатларга тааллуқли.


