2026 йил январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 2,4 млрд долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,1 фоизга кўп. Шу билан бирга, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 10,9 фоизга камайиб, 1,3 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Тўқимачилик маҳсулотлари мамлакат умумий экспортининг 9,3 фоизини ташкил этди. Ушбу тармоқ экспорти таркибида тайёр маҳсулотлар (50,8 фоиз) ва ип-калава (33 фоиз) асосий улушга эга. Трикотаж матоси улуши 8 фоиз, газламалар 5 фоиз, пайпоқлар 2 фоиз ва гиламлар 1 фоизни ташкил этган.
Тўқимачилик ип-калавалари, газламалар, тайёр маҳсулотлар ва шу каби товарлар экспорти 25,9 фоизга ўсиб, 1,48 млрд долларга етди. Кийим-кечак ва унга тегишли буюмлар экспорти эса 24,3 фоизга кўпайиб, 938,1 млн долларни ташкил қилди.
Бу даврда мева-сабзавот экспорти пасайган. Тўққиз ойда хорижга 1,56 млн тонна мева-сабзавот маҳсулотлари 1,3 млрд долларга етказиб берилган. 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларига нисбатан экспортнинг физик ҳажми 3 фоизга ёки 48,2 минг тоннага, қиймати эса 10,9 фоизга камайган. Ушбу маҳсулотлар мамлакат умумий экспортининг 5 фоизини ташкил этган.
Экспортдаги асосий пасайиш мева маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келган. Ҳисобот даврида 393 минг тонна мева 445,2 млн долларга экспорт қилинган. Ўтган йилнинг шу даврида эса 413,7 минг тонна мева 489,2 млн долларга етказиб берилган.
Узум экспортида эса бошқача ҳолат кузатилган: унинг физик ҳажми 150,7 минг тоннадан 151,6 минг тоннагача бироз ошган. Бироқ экспортдан тушган тушум 145,6 млн доллардан 123 млн долларга камайган.


