Болаларни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари муҳокама қилинди

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
9,020участниковПодписаться
- Advertisement -

2026 йил 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказида Болаларни жинсий эксплуатация ва жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа Кенгаши конвенцияси — Лансароте конвенциясига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда болаларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари, бундай жиноятларнинг олдини олиш бўйича миллий механизмларни такомиллаштириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг мазкур халқаро шартномага қўшилиши билан боғлиқ ҳуқуқий ва институционал масалалар кўриб чиқилди.

Семинар Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази томонидан Олий Мажлис Сенати ва Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили — Болалар омбудсмани билан ҳамкорликда, Европа Кенгаши ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Болалар омбудсмани институти, Олий суд, Бош прокуратура, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, ички ишлар, таълим ва фан, соғлиқни сақлаш, бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари вакиллари, шунингдек, юридик ҳамжамият ҳамда ихтисослашган таълим муассасалари мутахассислари иштирок этди.

Семинарнинг асосий мақсади иштирокчиларни Лансароте конвенциясининг муҳим қоидалари ва болаларга нисбатан жинсий эксплуатация ҳамда жинсий зўравонликнинг олдини олиш бўйича халқаро стандартлар билан таништириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг конвенцияга қўшилиши учун зарур ҳуқуқий, институционал ва процессуал шартларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайе Раҳмонова, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги «Болаларни ҳимоя қилиш» дастури раҳбари Антония Людеке кириш сўзи билан иштирокчиларга мурожаат қилди.

Болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда вояга етмаганларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мамлакатда болаларни ҳимоя қилишга оид миллий қонунчилик изчил такомиллаштирилмоқда, институционал механизмлар мустаҳкамланмоқда, зўравонликнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда ва ушбу соҳада халқаро ҳамкорлик кенгайтирилмоқда.

Жумладан, Лансароте конвенциясини ўрганиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабрдаги ПФ-256-сон фармони билан тасдиқланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини 2026–2027 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасига киритилган.

Лансароте конвенцияси болаларни жинсий эксплуатация ва жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади. У жиноятларнинг олдини олиш, жабрланган болаларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, айбдорларни жиноий жавобгарликка тортиш, шунингдек, миллий механизмлар ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни қамраб олади.

Семинарнинг асосий дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказининг етакчи мутахассиси Дилноза Раҳматжонова «Бола ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларга Ўзбекистоннинг қўшилиши: эришилган натижалар ва истиқболлар» мавзусида маъруза қилди.

Европа Кенгаши Лансароте конвенцияси котибиятининг юридик маслаҳатчиси Екатерина Маларева конвенциянинг асосий қоидалари ва Лансароте қўмитаси фаолияти ҳақида маълумот бериб, болаларни жинсий эксплуатация ва жинсий зўравонликдан ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари ҳамда амалий механизмларига тўхталди.

Мавзуга оид сессияларда болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятларга нисбатан жиноят-ҳуқуқий чоралар, жумладан, бундай қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган чоралар ва уларни реабилитация қилиш ёндашувлари кўриб чиқилди. Суд жараёнларини боланинг ёши, манфаатлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш, жабрланганларни зарур ёрдам ва қўллаб-қувватлаш билан таъминлаш, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан жинсий эксплуатация ва жинсий зўравонликнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокамаларнинг яна бир қисми ваколатли давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, болаларни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, давлатларнинг Лансароте конвенциясига қўшилиш тартиб-таомиллари ва унда иштирок этишнинг амалий афзалликларига бағишланди.

Дискуссия давомида Ўзбекистоннинг мазкур халқаро шартномага қўшилиши учун зарур бўлиши мумкин бўлган дастлабки тайёргарлик чоралари ҳам муҳокама қилинди.

Семинар якунида миллий қонунчиликни ва уни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир болаларни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларини ўрганиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва энг устувор манфаатларини таъминлаш бўйича миллий механизмларни янада мустаҳкамлаш истиқболларини белгилашда муҳим қадам бўлди.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Хитойда 110 та робот биргаликда рақс тушиб, Гиннесс рекордини ўрнатди

24 октябрь куни Хитойнинг Цзинань шаҳрида AgiBot компаниясининг 110 та одамсимон роботи биргаликда рақс ижро этди. Намойишда Гиннесс рекордлари...

Больше похожих статей