Қаршида 21 ёшли қиз гипофиз безидаги ўсмани олиб ташлаш операциясидан сўнг вафот этди. Шифокорлар томонидан интенсив даволаш чоралари кўрилганига қарамай, беморнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар берди.
Бошқарма маълумотига кўра, 14 октябрь куни 2005 йилда туғилган қиз кўп тармоқли вилоят шифохонасининг нейрохирургия бўлимига ётқизилган. Шифокорлар унда йирик ҳажмдаги гипофиз аденомасини аниқлаган.
Қиз бир неча йилдан буён нафас олиш қийинлашиши, ўсишнинг секинлашиши, қўл ва оёқ бармоқларининг йўғонлашишидан шикоят қилиб келган. Таҳлиллар ўсиш гормони миқдори меъёрдан анча юқори эканини кўрсатган.
16 октябрь куни ўсма эндоскопик усулда, бурун орқали олиб ташланган. Операция Тошкентдан келган малакали мутахассис иштирокида ўтказилган.
Жарроҳлик амалиётидан сўнг бемор шифокорлар назоратида бўлган. Бошқарма маълумотига кўра, 19 октябрь куни ўтказилган текширувда асоратлар аниқланмаган.
Бироқ 20 октябрь куни қизининг аҳволи кескин ёмонлашган. Унда қон босими кўтарилиб, ҳуши, нафас олиши ва юрак фаолияти бузилган. Интенсив даволаш чораларига қарамай, бемор 26 октябрь куни вафот этган.
Ҳозирда прокуратура томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Унинг натижалари бўйича қўшимча маълумот берилиши айтилган.


