Ўзбекистон ва Туркия президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Режеп Таййип Эрдоған Анқарадаги музокаралар якунида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолади.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар беришича, асосий ҳужжатлардан бири бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича Олий даражадаги кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги битим бўлди.
Шунингдек, томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг турли йўналишларини қамраб олган ҳужжатлар тўпламини имзолади. Улар орасида Преференциал савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш ҳақидаги протокол, ижтимоий таъминот бўйича ҳукуматлараро битим ва уни амалга ошириш тўғрисидаги маъмурий келишув бор.
Бундан ташқари, 2022 йил 29 мартда имзоланган давлат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситалари ҳаракати ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисидаги ҳужжатга ўзгартириш киритиш бўйича қўшимча протокол ҳам имзоланди.
Келишувлар савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, тадбиркорлар учун қулай шароит яратиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия фуқароларининг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Ҳужжатлар икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.


