Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжонда ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитида минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорликка оид ташаббусларни илгари сурди.
Давлат раҳбари низоларни фақат тинч йўл, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ҳал этиш зарурлигини таъкидлади. Яқин Шарқдаги қарама-қаршилик ва Ғазодаги гуманитар вазиятдан хавотир билдириб, минтақада тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши тарафдори эканини қайд этди.
Президент Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Ҳужжатда қўшма транспорт ва энергетика лойиҳалари, савдо, рақамли алоқалар ҳамда маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш чоралари белгиланиши лозим.


