Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси спортчиси Жасурбек Жайсунов Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Спортчилар комиссиясига номзод сифатида кўрсатилди.
Сайловда спортчи Марказий Осиё минтақаси вакили сифатида иштирок этади. Овоз бериш Японияда бўлиб ўтадиган Аичи–Нагоя-2026 Осиё ўйинлари доирасида 20 сентябрдан 2 октябрга қадар ўтказилади.
Жайсунов Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари совриндори ҳисобланади. У Ўзбекистоннинг таэквондо WT бўйича миллий терма жамоаси сафида иштирок этади.
Ўзбекистон вакилидан ташқари, ООК Спортчилар комиссиясидаги ўринлар учун қозоғистонлик спорт тирмашувчиси Амир Маймуратов ҳамда Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони, эронлик таэквондочи Ариан Салимий ҳам номзод сифатида кўрсатилган.
Сайловда овоз бериш ҳуқуқига 2026 йилги Осиё ўйинларида бевосита иштирок этадиган спортчилар эга бўлади.
ООК Спортчилар комиссияси атлетлар манфаатларини ифода этади. Комиссия Осиёда спортни ривожлантириш ва мусобақаларни ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокамасида иштирок этади.


