Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 июль куни Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳад бин Абдулраҳмон ал-Жаложил бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида вазир давлатимиз раҳбарига Саудия Арабистони Қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳамда Валиаҳд шаҳзода, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Томонлар Ўзбекистон–Саудия Арабистони ҳамкорлиги изчил ривожланаётганини қайд этиб, жумладан, ACWA Power компанияси иштирокидаги йирик қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидладилар.
Ташриф доирасида Саудия делегацияси Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ва етакчи компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказиб, қатор келишувларга эришди.
Учрашувда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббиёт инфратузилмасини модернизация қилиш, фармацевтика соҳасини такомиллаштириш, тиббиёт кадрларини тайёрлаш ҳамда Ўзбекистонда кўп тармоқли клиника қуриш лойиҳасини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар янги икки томонлама лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш учун асос бўладиган қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишиб олдилар.


