Тошкент шаҳрида соғлом овқатланиш ва гастрономик туризмни ривожлантиришга бағишланган веган таомлари фестивали бўлиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳамда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Фестиваль 30 июль куни соат 17:00 да Farovon меҳмонхонасида ўтказилади.
Дастур доирасида меҳмонлар ҳинд ва ўзбек ошпазлари томонидан тайёрланган муаллифлик веган таомлари билан танишиш имконига эга бўлади. Шунингдек, соғлом турмуш тарзи ва овқатланиш маданиятининг замонавий ёндашувларига бағишланган экспертлар муҳокамаси ташкил этилади.
Фестивалнинг асосий маърузачиларидан бири аюрведа соҳасида PhD даражасига эга, соғлом турмуш тарзи ва овқатланиш бўйича мутахассис Никхила Ахирематх бўлади.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, фестиваль икки мамлакат мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш учун майдон вазифасини бажаради ҳамда пойтахт аҳолиси ва меҳмонларини веган таомлари анъаналари билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.


