БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида Ўзбекистонда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган «Фермерлар дала мактаблари» лойиҳасини амалга оширмоқда.
«Хавфли кимёвий моддаларни самарали бошқариш учун техник кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида жорий этилган ташаббус 2026 йил апрель ойида бошланган бўлиб, шу йилнинг декабрь ойигача давом этади.
Ҳозирда Фарғона, Наманган ва Жиззах вилоятларида жами тўртта Фермерлар дала мактаби фаолият юритмоқда. Ҳар бирида иссиқхона шароитида помидор, бодринг, қалампир ва бошқа сабзавот етиштириш билан шуғулланувчи 15 нафардан кичик фермер иштирок этмоқда.
Июнь ойида ФАО томонидан иштирокчилар учун дала кунлари ва амалий машғулотлар ташкил этилди. Уларда фермерлар ўсимликларни барқарор ҳимоя қилиш усуллари, илғор агротехнологиялар ҳамда зараркунандаларга қарши курашнинг самарали ечимлари бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлади. Машғулотлар давомида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, дала кузатувлари натижаларини таҳлил қилди.
Тадбирларда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси вакили Роберто Апарисио ҳам иштирок этди. У мазкур дастурнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, ФАО ва Европа Иттифоқининг мамлакат қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш борасидаги ҳамкорлиги изчил давом этаётганини таъкидлади.
Лойиҳа доирасидаги ташрифлардан асосий мақсад Фермерлар дала мактаблари фаолияти натижаларини баҳолаш, маҳаллий манфаатдор томонларни келгуси режаларни ишлаб чиқиш жараёнига жалб қилиш ҳамда дастур қамровини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Мутахассислар фикрича, мазкур ёндашув фермерларга инновацион агротехнологияларни бевосита дала шароитида синаб кўриш ва амалиётга жорий этиш имконини беради. Бу эса ҳосилдорликни ошириш, ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш усулларини кенг қўллаш ва хавфли кимёвий моддалардан фойдаланишни қисқартиришга хизмат қилади.
ФАО ва Европа Иттифоқи ушбу лойиҳа орқали маҳаллий ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлаш, фермерларнинг малакасини ошириш ҳамда Ўзбекистонда барқарор қишлоқ хўжалиги амалиётларини кенг жорий этишни давом эттирмоқда.


