Ўзбекистонда фуқароларни Жанубий Корея ва АҚШга ноқонуний йўллар билан юборишни ваъда қилиб, катта миқдорда пул талаб қилган шахслар Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинди.
ДХХ маълум қилишича, Тошкент шаҳрида яшовчи 1994 ва 1999 йилларда туғилган икки нафар шахс ўзаро тил бириктириб, танишлари орқали «G-1» визасини расмийлаштириш баҳонасида фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юборишни таклиф қилган. Улар кейинчалик ушбу мамлакатда доимий яшаш учун рухсатнома тайёрлаб беришни ҳам ваъда қилган.
Улар хизмат ҳақи сифатида 55 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 25 минг доллар олган вақтида ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Яна бир ҳолат Наманган вилоятининг Косонсой туманида қайд этилди. 2001 йилда туғилган, аввал фирибгарлик жинояти учун судланган шахс фуқарони танишлари орқали «Ўзбекистон — Туркия — Испания — Мексика — АҚШ» йўналиши бўйича ноқонуний равишда Америка Қўшма Штатларига юборишни таклиф қилган.
У мазкур хизмат учун 50 минг АҚШ доллари талаб қилиб, пулнинг 20 минг долларини олган вақтда Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
ДХХ фуқароларни хорижга ишга жўнатиш бўйича шубҳали таклифларга ишонмасликка чақирди. Таъкидланишича, бундай масалаларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ёки махсус лицензияга эга хусусий бандлик агентликларига мурожаат қилиш тавсия этилади.


