Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев турли соҳаларда юксак натижаларга эришган иқтидорли ва ташаббускор йигитлар гуруҳини «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Нуфузли давлат мукофоти совриндорлари қаторига Қорақалпоғистон Республикаси, мамлакатнинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 28 нафар вакил кирди. Улар орасида олимлар, талабалар, спортчилар, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, муҳандислар, ўқитувчилар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари бор.
Қарорга мувофиқ, мукофот илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларидаги алоҳида ютуқлари, шунингдек, Янги Ўзбекистонни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги фаол иштироки учун берилди.
Ҳар бир лауреатга диплом, кўкрак нишони ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти топширилади.
Ҳукуматга мукофотларни тантанали равишда топшириш маросимини ташкил этиш топширилди. Шунингдек, давлат оммавий ахборот воситаларига «Мард ўғлон» давлат мукофоти лауреатларининг ютуқлари ва фаолиятини кенг ёритиш тавсия этилди.

