Ўзбекистонда ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий авиация тизимини замонавий талаблар асосида трансформация қилиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбарига тақдим этилган навбатдаги тақдимотда маълум қилинди.
Тақдимот давомида мамлакат ҳаво сарҳадларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш, шунингдек, авиация бўлинмаларини қайта ташкил этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Қайд этилишича, режалаштирилаётган ислоҳотлар Ҳарбий ҳаво кучларининг жанговар қобилиятини ошириш, қўшинларнинг тезкорлиги ва ҳаракатчанлигини кучайтириш ҳамда замонавий хавф-хатарларга самарали жавоб бериш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Муҳокамалар чоғида ҳарбий тиббиёт соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Туркия билан мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, мудофаа ишлари органларида фаолият юритаётган фуқаро ходимларнинг иш ҳақини босқичма-босқич ошириш бўйича таклифлар билдирилди. Бундан ташқари, ҳарбий хизматчиларга Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида турар жой ижараси учун ажратиладиган ойлик пул компенсацияси миқдорини кўпайтириш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.

