2026 йилнинг дастлабки беш ойи давомида Ўзбекистонга 5 миллион 352 минг нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 миллион 148 минг нафарга ёки 27,3 фоизга ошган.
Қайд этилишича, туристлар оқимининг ўсиши сўнгги йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир. Хусусан, виза тартиб-таомиллари сезиларли даражада соддалаштирилди, электрон виза тизими имкониятлари кенгайтирилди ҳамда қатор давлатлар фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилди.
Жорий йилнинг май ойидагина мамлакатга 1,3 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ келган.
Шунингдек, мамлакатнинг маданий-тарихий меросини тарғиб қилиш ва зиёрат, экологик, гастрономик, тиббий ҳамда тоғ туризми каби йўналишларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистоннинг миллий туристик бренди халқаро кўргазмалар, ярмаркалар ва рақамли платформалар орқали фаол тарғиб этилмоқда.
Январь–май ойлари якунларига кўра, туристик хизматлар экспорти ҳажми 2 миллиард 244 миллион АҚШ долларига етди. Мутахассислар фикрича, бу туризмнинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти ортиб бораётгани, хизматлар соҳаси ривожланаётгани ва янги иш ўринлари яратилаётганини кўрсатади.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг жадал ривожланаётган туристик йўналишларидан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлашда давом этмоқда.

