Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган 29-Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи мажлисида иштирок этиб, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган қатор янги ташаббусларни илгари сурди.
Форумда Россия Президенти Владимир Путин, Танзания Президенти Самия Сулуху Ҳасан ҳамда Хитой Халқ Республикаси Раиси ўринбосари Хань Чжэн ҳам иштирок этди.
Давлат раҳбари ўз нутқида замонавий дунё логистика йўналишларининг ўзгариши, янги технологияларнинг жадал ривожланиши, иқтисодиётнинг рақамлашуви ва сунъий интеллектнинг кенг жорий этилиши билан боғлиқ кенг кўламли трансформация жараёнларини бошдан кечираётганини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганини қайд этиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, саноат кооперацияси, ҳудудлараро алоқалар ва энергетика соҳаларида ижобий натижалар кузатилаётганини билдирди.
Президентнинг таъкидлашича, ҳамкорликнинг янги босқичини таъминлаш мақсадида «Евроосиё технологик индустриялаштириш камари»ни ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Ушбу ташаббус ягона рақамли платформа орқали боғланган ишлаб чиқариш кластерлари тизимини шакллантиришни назарда тутади.
Шунингдек, рақамли савдо, шаҳар хизматлари, меҳнат бозори платформалари ва сунъий интеллект асосидаги маҳсулотларни ривожлантиришга қаратилган қўшма рақамли экотизимни яратиш таклифи ҳам илгари сурилди.
Инсон капитали масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари таълим, касбий тайёргарлик ва меҳнат бозорини бирлаштирувчи қўшма онлайн-платформани ишга тушириш ташаббусини билдирди.
Маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида «Самарқанддан Петербурггача» креатив-туристик йўлагини ташкил этиш таклиф қилинди. Лойиҳа доирасида қўшма фестиваллар, кўргазмалар, кино намойишлари, гастрономик ва мусиқий тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.
Нутқи давомида Президент мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, қулай инвестиция муҳитини шакллантириш, саноатни ривожлантириш ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритди.
Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамкорларни ташкил этилаётган Тошкент халқаро молия маркази фаолиятида иштирок этишга ҳамда 16–18 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашишга чақирди.
Нутқи якунида давлат раҳбари барқарор тараққиёт очиқ мулоқот, ўзаро ишонч ва муаммоларга биргаликда ечим топишга тайёрлик асосида таъминланишини таъкидлади.

