Тошкент шаҳар ҳокими 3 июнь куни Сергели туманидаги Янги Сергели кўчасини 24 соат фаолият юритувчи туристик кўчага айлантириш бўйича қарор имзолади.



Ҳужжатга мувофиқ, лойиҳани амалга ошириш учун Тошкент шаҳарини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 5 миллиард сўм ажратилади.
Мазкур маблағлар қурилиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш, ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда замонавий шаҳар инфратузилмасини яратишга йўналтирилади.
Лойиҳа доирасида Янги Сергели кўчасида сайёҳлар ва аҳоли учун қулай муҳит шакллантириш, хизмат кўрсатиш ва дам олиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, янги туристик ҳудуднинг сутка давомида фаолият юритиши Сергели туманининг туристик ва иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

