Ўзбекистон ва Гонконг ўртасида 30 кунгача бўлган муддатга ўзаро визасиз режим жорий этиш бўйича келишувга эришилди. Тегишли келишув томонлар ўртасида вербал ноталар алмашинувидан сўнг қабул қилинди.
Мазкур масала Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Гонконг Маъмурий ҳудуди раҳбари Жон Ли Каччиу билан учрашуви чоғида муҳокама қилинди.
Томонлар инвестициялар, молия, рақамли трансформация, сунъий интеллект, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди. Дунёдаги етакчи молиявий марказлардан бири ҳисобланган Гонконг Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш ва юқори технологияли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшиши мумкинлиги таъкидланди.
Музокаралар давомида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда янги қўшма ташаббусларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланишича, визасиз режимнинг жорий этилиши туризм, ишбилармонлик алоқалари ва гуманитар алмашинувларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади ҳамда икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ноталар алмашинувидан кейин томонлар келишувнинг амалий жиҳатларини мувофиқлаштириш ишларини бошлайди. Бу ҳужжатнинг имкони қадар тезроқ кучга киришини таъминлашга қаратилган.
Ҳозирги вақтда Гонконг паспортлари эгалари Ўзбекистонга 10 кунгача визасиз ташриф буюришлари мумкин. Ўзбекистон фуқаролари эса Гонконгга кириш учун виза олишлари талаб этилади. Янги келишув кучга киргач, ҳар икки томон фуқаролари бир-бирининг ҳудудида 30 кунгача визасиз бўлиш имкониятига эга бўлади.

