Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида йирик байрам тадбири ташкил этилди. Унда 550 нафардан ортиқ бола ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси саройида бўлиб ўтди ва «Uzbekistan Airports» ҳамда Тошкент халқаро аэропорти ходимлари оилаларини бир майдонга жамлади. Байрам дастури болалар учун турли ижодий ва кўнгилочар машғулотлар, танловлар ҳамда интерактив ўйинларни қамраб олди.
Кун давомида иштирокчилар расм чизиш бўйича маҳорат дарсларида қатнашиб, ўз иқтидорларини намойиш этдилар. Фаол қатнашган болалар эсдалик совғалари ва турли совринлар билан тақдирланди.
Тадбирнинг энг ёрқин қисми махсус тайёрланган театр спектакли бўлди. Машҳур қаҳрамонлар иштирокидаги саҳна кўриниши кичик томошабинларга кўтаринки кайфият ва унутилмас таассуротлар улашди.
Ташкилотчилар томонидан ҳар бир бола учун совғалар тайёрланган бўлиб, байрам илиқ ва дўстона муҳитда якунланди. Тадбир болалар ва уларнинг ота-оналари учун ёзнинг илк кунларида қувончли лаҳзалар ва ёрқин хотиралар бағишлади.

