Реабилитациянинг «ўзбек модели»: Ўзбекистондаги «Меҳр» гуманитар операцияларининг етти йиллик якунлари

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
8,810участниковПодписаться
- Advertisement -

Янги Ўзбекистоннинг замонавий тарихида мамлакат фуқароларининг дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш нафақат конституциявий мажбурият, балки давлат инсонпарварлиги ва масъулиятининг энг юксак намоёнига айланди. Бу йўлдаги энг мураккаб, бироқ стратегик жиҳатдан муҳим синовлардан бири Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги қуролли можаролар ҳудудларидан ватандошларни Ватанга қайтариш бўлди.

Ўзбекистон дунёда биринчи бўлиб «бегоналаштириш» сиёсатидан «қайтариш ва меҳр-мурувват» сиёсатига ўтиб, ўзига хос реабилитация моделини яратди.

Бундай биринчи гуманитар операция бундан роппа-роса етти йил аввал — 2019 йил 30 май куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий топшириғи билан амалга оширилди. Ўша миссия доирасида уруш гирдобига тушиб қолган Суриядан 156 нафар Ўзбекистон фуқароси, асосан аёллар ва болалар Ватанга қайтарилди. Бу давлат ўз фуқароларини кечириш ва бағрига босишга тайёр эканини намоён этган тарихий қадам бўлди.

Шундан сўнг умумий номи «Меҳр» бўлган гуманитар операциялар силсиласи бошланди. Шавкат Мирзиёев ташаббусининг асосий ғояси шундан иборатки, можаролар ҳудудига адашиб тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари давлат ҳимоясига ва янги ҳаёт бошлаш имкониятига эгадир.

Ҳар бир миссия ўзининг логистикаси, хавф даражаси ва қайтарилаётган шахслар тоифаси жиҳатидан ўзига хос бўлди. 2019 йил октябрь ойида амалга оширилган «Меҳр-2» операцияси давомида Ўзбекистон оналари хорижий қамоқхоналарда жазо ўтаётган 64 нафар боланинг тўлиқ васийлигини ўз зиммасига олди.

2020 йил декабрь ойида, пандемия шароитидаги қатъий карантин чекловларига қарамай, «Меҳр-3» миссияси доирасида Суриянинг «Ал-Хол» ва «Рож» лагерларидан оғир санитария шароитида яшаётган 98 нафар аёл ва бола қутқариб олинди. Уларнинг кўпчилиги жароҳатланган ёки оғир сурункали касалликларга чалинган эди. Операция АҚШ ва халқаро ташкилотлар техник кўмагида амалга оширилди.

«Меҳр-4» гуманитар операцияси 2021 йил февраль ойида ташкил этилди. Афғонистон йўналишидаги ушбу миссия мамлакат чегаралари яқинидаги уруш ҳудудида қолиб кетган 24 нафар фуқаронинг қайтишини таъминлади.

«Меҳр-5» операциясининг якуний босқичи 2021 йил апрель ойида ўтказилиб, Суриядан 92 нафар шахс — 24 нафар аёл ва 68 нафар бола, жумладан 7 нафар мутлақ етим Ватанга олиб келинди. Ушбу операция доирасида тезкор ҳужжатлаштириш механизми жорий қилиниб, болаларга тўғридан-тўғри аэропортнинг ўзида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштирилди ва улар дарҳол ҳуқуқий мақомга эга бўлди.

Жами «Меҳр» операциялари натижасида 530 нафардан ортиқ фуқаро қайтарилди, уларнинг қарийб 75 фоизини болалар ташкил этади. Бу борадаги асосий тамойил ўзгармас бўлиб қолмоқда: болалар ота-оналарининг хатоси учун жавоб бермайди.

Репатриация шунчаки логистик жараён эмас, балки кечаги «адашганлар»ни жамиятнинг тўлақонли аъзоларига айлантиришга қаратилган мураккаб жараёндир. Ўзбек модели беш асосий йўналишга таянади.

Биринчи йўналиш — ҳуқуқий тикланиш. Репатриантларнинг барчаси зарур ҳужжатлар билан таъминланди. Можаролар ҳудудида туғилган ҳар бир болага Ўзбекистон Республикасининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси берилди ва бу улар учун таълим ҳамда тиббий хизматларга йўл очди.

Иккинчи йўналиш — иқтисодий қўллаб-қувватлаш. Давлат репатриантларни ижтимоий муаммолар билан ёлғиз қолдирмади. Имтиёзли кредитлар ва касб-ҳунар ўқувлари орқали кўплаб аёллар иш билан таъминланди, кичик бизнеслар ташкил қилди ва иқтисодий мустақилликка эришди. Шунингдек, уларнинг уй-жой ҳуқуқларини тиклаш ёки имтиёзли ижара уйлари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Учинчи йўналиш — инклюзив таълим. Қайтарилган болалар алоҳида муассасаларда эмас, балки оддий мактаб синфларида тенгдошлари билан биргаликда таълим олмоқда. Бугунги кунда ўнга яқин репатриант, жумладан аёллар олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда, 9 нафар бола эса республика ва вилоят фан олимпиадалари ғолиби ва совриндори бўлган.

Тўртинчи йўналиш — маънавий-маърифий кўмак. Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари ва имомлари репатриантлар билан профилактик суҳбатлар ўтказиб келмоқда. Улар анъанавий ҳанафий мазҳабининг инсонпарварлик моҳиятини тушунтириб, уни экстремистик талқинларга қарши қўймоқда. Қайтиб келганларнинг 90 фоиздан ортиғи жамиятга муваффақиятли мослашиб, тинч ҳаёт кечирмоқда.

Бешинчи йўналиш — маҳалла институтини фаол жалб этиш. Маҳалла фаоллари ва қўшнилар оилаларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериб, тамғалаш ҳолатларининг олдини олмоқда. Ҳар бир оилага маҳалладан тажрибали мураббий бириктирилган бўлиб, у маиший муаммоларни ҳал қилиш ва ижтимоий муҳитни кузатиб боришда кўмаклашади.

Ўзбекистоннинг можаролар ҳудудларидан фуқароларни қайтариш бўйича тажрибаси халқаро ҳамжамият томонидан энг муваффақиятли гуманитар моделлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти «Ўзбек модели»ни бошқа давлатлар учун йўл харитаси сифатида тавсия этган. БМТ Бош котибининг собиқ ўринбосари Владимир Воронков ушбу моделни адолат ва инсонпарварликни уйғунлаштиришнинг ёрқин намунаси сифатида бир неча бор юқори баҳолаган.

Реабилитация ва реинтеграция соҳасидаги ташаббуслар минтақавий даражада ҳам ривожлантирилди. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил март ойида Тошкентда бўлиб ўтган юқори даражадаги халқаро конференцияда БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси ҳузурида Марказий Осиё мамлакатлари етакчи мутахассисларидан иборат Минтақавий экспертлар кенгашини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.

2024 йил май ойида мазкур Кенгаш ўз фаолиятини бошлади. Унинг таркибига Марказий Осиё давлатларидан ҳуқуқ-тартибот органлари ва суд тизими вакиллари, психологлар, теологлар, тиббиёт ва ижтимоий соҳалар мутахассисларини ўз ичига олган 40 нафардан ортиқ юқори малакали эксперт киритилди.

Лойиҳанинг аҳамияти ЕХҲТ, GCERF ҳамда Халқаро адолат ва қонун устуворлиги институти (IIJ) каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг қўллаб-қувватлаши билан янада мустаҳкамланди.

Кенгаш фаолияти БМТнинг асосий майдонларида ҳам тақдим этилди. Хусусан, 2024 йил ноябрь ва декабрь ойларида Женева ва Нью-Йоркда, 2025 йил май ойида эса Вена шаҳрида тақдимотлар ўтказилди.

Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга репатриация хавфсизликка таҳдид эмас, балки уни мустаҳкамлаш воситаси эканини амалда исботлади. Бугун халқаро ташкилотлар мамлакатга муаммони ҳал қилиш учунгина эмас, балки унинг муваффақиятли тажрибасини бошқа ҳудудларда жорий этиш мақсадида ҳам сармоя киритмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда репатриантлар билан ишлаш «фавқулодда қутқариш» босқичидан тизимли интеграция босқичига ўтган. Давлат кўмаги ва жамоатчилик назоратини уйғунлаштирган яхлит механизм шаклланган. Илгари асосий эътибор жисмоний саломатликка қаратилган бўлса, ҳозирда урғу руҳий фаровонлик ва фуқаролик идентификациясини мустаҳкамлашга берилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги репатриант — бу солиқ тўловчи, маҳалла ҳаётининг фаол иштирокчиси ва фарзандлари келажагини ўз Ватанида қураётган ота ёки онадир.

Ўзбекистон раҳбарияти ўз фуқаролари олдида эшикларни ёпиш эмас, балки масъулият йўлини танлади. Мамлакат тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, давлат инсонга ёрдам қўлини чўзганда, жамият мустаҳкамланади ва хавфсизлик янада кучаяди.

Ўзбекистоннинг бу борадаги асосий тамойили аниқ: «Болалар террорист бўлиб туғилмайди», ҳар бир Ўзбекистон фуқароси эса доимо ўз Ватани ҳимоясида бўлади.

Тимур Аҳмедов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Биз йоки улар: ЕОИИ давлатлари Арманистонга ЕИ масаласида референдум ўтказишни таклиф қилди

Остона шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон Арманистонга қаратилган қўшма баёнот қабул...

Больше похожих статей