Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги томонидан жорий йилнинг май–июль ойларида республика бўйлаб тадбиркорлар билан кенг қамровли очиқ мулоқотлар ташкил этилади.
Маълум қилинишича, май ойида 42 та ҳудудда, июнь–июль ойларида эса яна 166 та туман ва шаҳарда учрашувлар ўтказилиб, жами 208 та ҳудуд қамраб олинади.
Тадбирлар доирасида агентлик мутахассислари жойларга чиққан ҳолда тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини ўрганади. Очиқ мулоқотларда давлат харидлари тизимидаги долзарб масалалар, саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш имкониятлари, шунингдек, тадбиркорларни қийнаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Агентликнинг лойиҳа офиси раҳбарлари эртанги учрашувларда Тупроққалъа, Хўжаобод, Ғиждувон, Арнасой, Кўкдала, Бўзатов, Томди, Поп, Қўшработ, Ховос, Бандихон, Фурқат ва Янги Ҳаёт туманларида бевосита иштирок этади.
Навбатдаги очиқ мулоқот 19 май куни соат 11:00 да Бекобод туманида бўлиб ўтади. Тадбирда иштирокчилар ўз таклиф ва мурожаатларини билдириш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, тадбиркорлар мурожаат ва таклифларини махсус алоқа боти орқали ҳам юборишлари мумкинлиги маълум қилинди.

