Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева хизмат сафари доирасида Бухоро шаҳридаги қатор ижтимоий инфратузилма объектларини бориб кўрди ва аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Ташриф давомида Бухоро шаҳридаги 9-сонли оилавий поликлиника ҳам кўздан кечирилди. Муассаса биноси капитал таъмирга муҳтож экани қайд этилди.
Маълум қилинишича, поликлиника тахминан 55 йил аввал қурилган бўлиб, 1996 йилда тиббиёт муассасаси сифатида қайта жиҳозланган. Бугунги кунда унга 47 мингдан ортиқ аҳоли бириктирилган бўлиб, фуқароларга 172 нафар тиббиёт ходими хизмат кўрсатмоқда. Муассаса тўрт қаватли бинода жойлашган бўлиб, уч километр радиусдаги ҳудудга хизмат қилади.
Танишув якунлари бўйича тиббиёт муассасасини модернизация қилиш ва уни замонавий талабларга мослаштириш бўйича қарор қабул қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президент ташаббуси билан тиббиёт муассасалари босқичма-босқич янгиланиб, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати оширилмоқда ҳамда профилактик кўриклар ва фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш имкониятлари кенгайтирилмоқда.

