Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори Акмал Саидов ҳамда Аёлларга нисбатан камситишларни бартараф этиш бўйича БМТ қўмитаси раиси Нахла Хайдар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг аёлларга нисбатан камситишларни бартараф этиш соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш жараёни, Қўмита билан ҳамкорлик ҳамда CEDAWнинг навбатдаги сессиясига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида Акмал Саидов Марказ фаолияти ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш бўйича ишлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Учрашувда Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенция қоидаларининг ижроси, шунингдек, Ўзбекистоннинг янги Конституцияси доирасида қабул қилинган гендер тенглигига оид ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий ҳаракат режалари, БМТ механизмлари билан ҳамкорлик ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича институционал тизимларни мустаҳкамлаш масалаларини ҳам муҳокама қилди. Хусусан, парламент омбудсманлари, Болалар омбудсмани ва миллий омбудсман институти фаолияти қайд этилди.
Нахла Хайдар давлатларнинг Қўмита билан фаол ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди.
Шунингдек, учрашувда Қўмита томонидан қабул қилинган умумий тавсиялар, жумладан, қарор қабул қилиш жараёнларида аёлларнинг тенг иштирокини таъминлашга қаратилган 40-сонли тавсия муҳокама қилинди. Иқлим ўзгариши, рақамлаштириш, миграция ва одам савдосининг аёллар ҳуқуқларига таъсири бўйича янги тавсиялар ишлаб чиқиш зарурлиги ҳам қайд этилди.
Музокараларда БМТ шартномавий органлари тизимини ислоҳ қилиш, уларнинг ресурс таъминоти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар билан ҳамкорлик масалалари ҳам кўтарилди.
Учрашув якунида Акмал Саидов Нахла Хайдар ва Қўмита бюроси аъзоларини жорий йил сентябрь ойи охирида ўтказиладиган бешинчи Самарқанд инсон ҳуқуқлари форумида иштирок этишга таклиф қилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Аёлларга нисбатан камситишларни бартараф этиш бўйича БМТ қўмитаси ўртасидаги конструктив мулоқотни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳисоботи кўриб чиқилиши режалаштирилган навбатдаги CEDAW сессияси 2027 йилда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

