Навоий вилоятида ўтказилаётган Медиа ҳафталик доирасида Контент маркази томонидан ташкил этилаётган амалий тренингларга қизиқиш ортиб бормоқда.
“Жамоатчилик билан алоқаларда сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш” мавзусидаги навбатдаги сессияда Навоий шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ўткир Ҳақбердиев иштирок этди.
Тадбирда сунъий интеллект технологияларини давлат бошқаруви ва ахборот коммуникацияларида қўллаш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилишича, мазкур йўналишда вилоятда қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Сессия давомида иштирокчилар сунъий интеллект платформалари орқали Telegram каналларини таҳлил қилиш, аудитория билан мулоқот самарадорлигини баҳолаш ва контентнинг кучли ҳамда заиф жиҳатларини аниқлаш бўйича амалий машғулотларда қатнашди.
Ҳоким ўринбосари ҳам тренингни фақат кузатиш билан чекланмай, матбуот котиблари билан биргаликда ўз Telegram канали фаолиятини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилди.
Мутахассислар фикрича, бугунги кунда сунъий интеллект нафақат технологик янгилик, балки давлат бошқаруви, очиқ мулоқот ва жамоатчилик билан алоқаларда муҳим воситага айланиб бормоқда.

