7 май куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 81 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон — қутқарув мамлакати” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Архив ҳужжатлари ва мутахассислар тадқиқотлари асосида тайёрланган мазкур нашр уруш йилларида СССР аҳолисининг республикага эвакуация қилинишига бағишланган Ўзбекистондаги илк илмий нашр бўлди.
Тадбирда Беларусьнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников иштирок этди. У ўз нутқида Ғалаба қардош халқларнинг бирлиги, ўзаро ёрдами ва фашизмга қарши биргаликдаги кураши туфайли қўлга киритилганини таъкидлади.
Элчи Ўзбекистон халқининг фронтда ҳам, орқа фронтда ҳам қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этиб, республика минглаб эвакуация қилинган инсонлар, жумладан Беларусь аҳолиси учун “қутқарув мамлакати”га айланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, кўплаб беларус оилалари ва болалари Ўзбекистонда иккинчи уйини топган.
Александр Огородников эвакуация қилинганлар орасида беларус илм-фани, маданияти ва санъатининг машҳур вакиллари — Якуб Колас ва Эди Огнецвет ҳам бўлганини эслатиб ўтди.
Тадбир давомида беларус дипломатик миссияси раҳбари “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсуповга Беларусь ҳудудидаги партизанлик ҳаракатида иштирок этган ўзбекистонликларга оид 11 та шахсий йиғмажилд ва ҳужжатларни топширди. Материаллар Беларусь Адлия вазирлиги ҳузуридаги Архивлар ва иш юритиш департаменти томонидан тайёрланган.
Шунингдек, дипломат архив фотосуратлари ва ҳужжатларидан иборат тематик кўргазма билан танишди ҳамда Ўзбекистон миллий телеканалига интервью берди.

