1 май куни Европа Иттифоқи делегацияси Тошкентда тантанали қабул уюштириб, Европа кунини нишонлади.
Ҳар йили 9 май куни қатор Европа давлатларида, аввало Европа Иттифоқи мамлакатларида Европа куни расмий равишда нишонланади.
Ушбу сана Европа мамлакатлари фуқароларини интеграция жараёнига янада кенг жалб этиш, шунингдек ЕИга аъзо давлатлар аҳолиси ва жаҳон жамоатчилигини Европа Иттифоқи каби ташкилотнинг афзалликлари ҳақида хабардор қилиш мақсадида жорий этилган.
Шу муносабат билан Европа Иттифоқи делегацияси тантанали қабул ташкил этди. Унда дипломатик миссиялар, халқаро ташкилотлар вакиллари, пойтахт жамоатчилиги ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Республика ҳукумати номидан молия вазири Жамшид Қўчқоров қатнашди.
Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи элчиси Тойво Клаар ўз табрик сўзида шундай деди:
«Европа куни Роберт Шуман декларацияси билан боғлиқ бўлиб, у бугунги Европа Иттифоқининг асосларини яратган. 76 йил аввал, 1950 йил 9 май куни Роберт Шуман ягона Европа ҳақидаги ўз тасаввурини баён этган. У кўмир ва пўлат бўйича Европа ҳамжамиятини тузишни таклиф қилиб, рақобат ўрнига ҳамкорликка, бўлиниш ўрнига бирликка, уруш ўрнига тинчликка чақирган. Бу ғоя бугунги Европа Иттифоқининг шаклланишига илҳом берди — 27 та Европа давлатини бирлаштирган сиёсий ва иқтисодий иттифоқ, у қарийб 80 йил давомида қитъада тинчлик, демократия ва иқтисодий фаровонликни таъминлаб келмоқда».
Европа Иттифоқи оддий, аммо кучли тамойилга асосланган: инсонлар эркинликда яшайди, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади ва барчага тенг муносабатда бўлинади.
«Бироқ бугун дунёда низолар сони ортиб бормоқда, иқтисодий беқарорлик кучаймоқда ва иқлим ўзгаришининг таъсири тобора сезилмоқда. Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар миллионлаб инсонлар ҳаётига таъсир қилди. Биз гуманитар фалокатларга гувоҳ бўлмоқдамиз ва жаҳон савдоси ҳамда энергия таъминотидаги узилишлар оқибатларини ҳис этяпмиз. Бундай ҳолатларда Европа Иттифоқи жабр кўрганларга ёрдам беришни давом эттирмоқда ва барча томонларни вазиятни юмшатишга, фуқароларни ҳимоя қилишга ҳамда халқаро ҳуқуққа риоя этишга чақирмоқда», — деди Тойво Клаар.
Унинг таъкидлашича, бугунги глобал муаммолар умумий ечимларни талаб қилади. Ҳеч бир давлат уларни якка ҳолда ҳал қила олмайди. Иқлим ўзгариши глобал ҳамкорликни, адолатли савдо умумий тамойилларга содиқликни, тинчлик эса қоидаларга асосланган тартибга ҳурматни талаб қилади.
Шу сабабли Европа Иттифоқи дунё бўйлаб мустаҳкам, адолатли ва ишончли муносабатларни ривожлантиришни давом эттирмоқда, ўзаро манфаатли ҳамкорликка интилиб, халқаро қоидаларга асосланган тартибни қўллаб-қувватламоқда.
Элчи Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларга ҳам тўхталиб ўтди:
«Умумий қадриятларни ҳимоя қилиш ва умумий муаммоларни ҳал этишга интилиб, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи стратегик шерикликнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Самарқандда ўтган Европа Иттифоқи — Марказий Осиё саммити аллақачон амалий натижалар бермоқда ва муносабатларимиз ҳар қачонгидан ҳам чуқурлашди», — деди у.
Шунингдек, ўтган йил октябрь ойида Брюсселда Президент Шавкат Мирзиёев кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш маросимида иштирок этгани қайд этилди. Бу ҳужжат савдо ва инвестициялар, барқарор ривожланиш, транспорт, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари каби соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
Иқтисодий соҳада ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. «2024 йилда Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг импорт бўйича учинчи, экспорт бўйича иккинчи йирик савдо ҳамкори бўлди. Ўзаро савдо ҳажми қарийб 4,8 миллиард еврони ташкил этди, бу 2020 йилга нисбатан қарийб икки баравар кўп», — деди Тойво Клаар.
Европа Иттифоқи халқаро инвестиция стратегияси доирасида рақамли трансформация, транспорт, Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш, энергетика тармоқлари, сув ресурсларини бошқариш ва агросаноат занжирларини қўллаб-қувватламоқда.
«Европа Иттифоқи ва Европа инвестиция банки Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан биргаликда Қамбарота ГЭС қурилишига 900 миллион евро инвестиция киритмоқда. Бу минтақада энергетика ва сув хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дея қўшимча қилди элчи.
Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан шериклик доирасида минтақавий барқарорликни қўллаб-қувватлашни ҳам давом эттирмоқда.
«Бу саъй-ҳаракатлар Марказий Осиё давлатларини янада кучли, мустақил ва ташқи омилларга камроқ боғлиқ қилишга хизмат қилади. Биз учун бу ишончли ва барқарор шерикларга эга бўлишни англатади. Европа Ўзбекистон учун ишончли ҳамкор бўлиб қолади», — деди Тойво Клаар.
Тадбир илиқ ва дўстона муҳитда ўтди.
М. Джангиров, сурат муаллифи.

