21 апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга қаратилган таклифлар билан танишди.
Сўнгги 5 йилда мамлакатда ер муносабатлари соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, ер тақсимлаш бўйича ҳокимлар ваколатлари бекор қилиниб, участкаларни ажратиш очиқ аукционлар орқали амалга оширила бошланди. Ушбу даврда 616,3 минг гектар ер сотилди ва бюджетга 1,4 триллион сўм тушум келиб тушди. Бир гектардан олинадиган даромад уч бараварга ошиб, 50–60 миллион сўмга етди, мазкур ерларда ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми эса 539 триллион сўмни ташкил этди, экспорт ҳажми 2,1 миллиард долларга етди.
Шу билан бирга, айрим муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. Хусусан, тахминан 117,6 минг гектар ер ҳалигача сотилмаган, ижарачиларнинг ердан мустақил фойдаланиш даражаси етарли эмас.
Шу муносабат билан қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага беришнинг янги тизимини жорий этиш ва жорий йилнинг ўзида яна 100 минг гектар ерни янгиланган шартлар асосида аукционга чиқариш таклиф этилди. Бунда иқтисодий рағбатларни кучайтириш ва ердан фойдаланувчилар эркинлигини кенгайтириш устувор йўналиш сифатида белгиланмоқда.
Қайд этилганидек, тадбиркорлар томонидан экин турларини мустақил танлаш амалиёти ижобий самара бермоқда. 2025 йилда 16 минг гектар майдонда юқори даромадли ва экспортбоп экинлар етиштирилиб, 150 миллион долларлик экспорт салоҳияти яратилди. Ушбу тажрибани кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Саноат плантациялари ва чорвачиликни ривожлантириш мақсадида 50 гектардан 500 гектаргача бўлган ер участкалари савдога қўйилади. Ҳар бир вилоятда камида бешта йирик лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Қўллаб-қувватлаш чоралари сифатида 7 йилгача имтиёзли кредитлар, субсидиялар, шунингдек инфратузилма ва маҳсулотни қадоқлаш харажатларини қоплаш назарда тутилган.
Хорижий агротехнологияларни жалб этиш билан бирга миллий манфаатларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Чет эл инвесторларига ер ажратиш шартлари қайта кўриб чиқилади: қишлоқ хўжалиги ерларига кириш фақат иккилламчи ижара механизми орқали ва камида 10 миллион доллар инвестиция киритиш шарти билан амалга оширилади.
Шунингдек, аукционларда иштирок этиш ҳуқуқини фақат маҳаллий деҳқонлар ва тадбиркорлар учун белгилаш, махсус мақсадли ерларни эса фақат мамлакат фуқароларига бериш таклиф этилмоқда. Ижара муддатини ягона тартибда 49 йилгача белгилаш режалаштирилган.
Ижарани узайтириш тартибини соддалаштириш ҳам муҳим йўналиш сифатида белгиланди. Қонунбузарликлар бўлмаган тақдирда, шартномаларни қайта аукцион ўтказмасдан рақамли платформалар орқали узайтириш мумкин бўлади: қишлоқ хўжалиги ерлари учун 30 йилгача, бошқа тоифалар учун эса 49 йилгача.
Ер муносабатлари соҳасида барча жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш, жумладан ер тоифасини ўзгартириш ва компенсация ҳисоб-китобларини автоматлаштириш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, ердан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда, бунда мақсадли фойдаланиш, сув сарфи ва тупроқ сифати каби кўрсаткичлар инобатга олинади.
Қўшимча равишда, ижара ҳуқуқидан молиявий инструмент сифатида фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш — кредит, лизинг ва бошқа молиялаштириш турларини жалб этиш таклиф этилмоқда.
Назорат соҳасида ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш учун жавобгарликни кучайтириш ва ер айланмасини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Келгусида ижарачиларга хизмат кўрсатиш 13 та ҳудудий дирекция орқали амалга оширилади, инвестиция лойиҳалари эса 14 та ихтисослашган компания томонидан кузатиб борилади.
Давлат раҳбари ер ислоҳотларини янги босқичга олиб чиқиш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва бизнес учун янада шаффоф ҳамда қулай тизим яратиш бўйича топшириқлар берди.

