Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш соҳасини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакат ҳудудларидан 500 дан ортиқ мутахассис — девелоперлар, қурувчилар, лойиҳачилар, архитекторлар ва урбанистлар иштирок этди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, қурилиш тармоғи барча соҳалар ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Сўнгги тўққиз йилда мамлакатда қарийб 10 мингта янги қурилиш корхоналари ташкил этилди. Улар орасида йиллик айланмаси 1 триллион сўмдан ортиқ бўлган 20 та ва 100 миллиард сўмдан ошган 365 та компания фаолият юритмоқда. Лойиҳа ташкилотлари сони 2 мингдан ошди, улардан 650 дан зиёди халқаро сертификатларга эга.
Маъмурий тартиб-таомиллар ҳам сезиларли даражада соддалаштирилди: қурилишда рухсат бериш босқичлари сони уч бараварга, уларни ўтиш муддатлари эса тўрт бараварга қисқартирилди. Шаҳарсозлик базасини ислоҳ қилиш доирасида 420 та норма ва қоидалар қайта кўриб чиқилиб, улар асосида 140 та замонавий стандарт тасдиқланди.
Бу даврда Ўзбекистонда 210 миллион квадрат метр кўчмас мулк барпо этилди, жумладан 647 мингта хонадондан иборат 15 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилди.
Қурилиш ишлари ҳажми 2016 йилдаги 30 триллион сўмдан ўтган йил якунларига кўра 314 триллион сўмгача ошиб, ўн баравардан зиёд ўсиш қайд этилди.
Бугунги кунда қурилиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва турдош соҳаларда қарийб 3,5 миллион киши банд бўлиб, бу тармоқнинг мамлакат иқтисодиётидаги стратегик аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.

