Тошкент шаҳрида Интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш доирасида светофорлар ва таянч конструкцияларни кенг кўламда алмаштириш ишлари бошланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълум қилди.
Янги тизим йўл ҳаракатини бошқаришни адаптив шаклга ўтказишга қаратилган. Унга кўра, светофорлар транспорт оқимини реал вақт режимида таҳлил қиладиган махсус датчиклар билан жиҳозланади. Бу эса йўлларда ҳаракатни самарали тартибга солиш, бўш участкаларда кутиш вақтини қисқартириш ва тирбандлик юзага келадиган жойларда ўтказувчанликни ошириш имконини беради.
Шунингдек, тизим жамоат транспорти яқинлашаётганини аниқлаб, автобуслар учун яшил сигнални узайтириш имкониятига эга бўлади. Бу орқали жамоат транспортининг ҳаракат жадвалига риоя этишига шароит яратилади.
Янгиланган светофор объектларида пиёдалар учун қўшимча қулайликлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, овозли сигналлар ва замонавий чақирув тугмалари ўрнатилиб, ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам хавфсизлик ва қулайлик оширилади.
Мутахассислар таъкидлашича, эски таянч конструкциялардан фойдаланиш янги талабларга жавоб бермайди. Чунки замонавий стандартлар кабелларни ер ости орқали ўтказишни, жумладан, электр таъминоти ва бошқарув маркази билан оптик толали алоқани йўлга қўйишни талаб қилади. Бундан ташқари, янги светофорлар юқори аниқликдаги датчик ва камералар билан жиҳозланган бўлиб, уларнинг тўғри ишлаши учун барқарор ва вибрациядан холи конструкциялар зарур.
Янги ўрнатилаётган гальванизация қилинган таянч устунлар узоқ муддат хизмат қилиши, зангламаслиги ва шаҳарнинг замонавий архитектурасига мослиги билан ажралиб туради.
Лойиҳанинг асосий мақсади — қўлбола бошқарувдан тўлиқ автоматлаштирилган тизимга ўтиш орқали йўлда сарфланадиган вақтни қисқартириш, тирбандликларни камайтириш ҳамда шаҳар муҳитини янада қулай ва инклюзив қилишдан иборат.

