Қоракўл туманида виртуал ўғрилик фош этилди. Бу ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Бухоро вилояти Олот тумани “Бўстон” маҳалласида яшовчи, 31 ёшли фуқаро Э.У. исмли шахс жорий йилнинг 12 май куни Қоракўл тумани “Хўжалар” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган АТБ “Агробанк” Қоракўл филиали биносига пластик карта ҳисобидаги пулларни нақд пулга айирбошлаш мақсадида борган 39 ёшли фуқаро Ж.Ҳ. исмли аёлнинг ёнида навбатда туриб, унинг номига расмийлаштирилган АТБ “Агробанк” Қоракўл филиали томонидан берилган “Uzkart” пластик карта рақамини олишга эришади.
Натижада уни ўзининг мобил телефондаги “1хбет” иловасига улаш орқали пластик карта ҳисобида бўлган 1 миллион 500 минг сўм миқдордаги пулни яширин равишда ўзининг пластик картасига ўтказиб, ўғрилик жиноятини содир қилади.
Мазкур ҳолат юзасидан Қоракўл тумани ИИБ ходимлари томонидан фуқаро Э.У. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.