2022 йил 15 июнь куни Қозоғистоннинг Жамбул районида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ЙТХга учради. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, бугун Қозоғистон вақти билан соат 03:10 да Жамбул области Жамбул районидан ўтувчи «Алмата-Тошкент» автомобиль йўлининг 545 км. да Қозоғистон Республикаси “Қизил тан” қишлоғидан 7 км узоқликда трикотаж маҳсулотлари ортилган юк машинасида ёнғин юзага келган. Оқибатда автомобиль йўлида тирбандлик юзага келганлиги боис соат 03:40 ларда «Алмата-Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган юк машинаси 2 та йўловчи ташиш автобуси ва 1 та енгил автомобиль билан тўқнашган. Тўқнашув оқибатида ушбу автотранспорт воситаларида ёнғин келиб чиққан.
Ёнғин содир бўлган автобусларнинг бирида 31 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ва улардан 3 нафари ўрта даражада тан жароҳати билан Тараз шаҳар тиббиёт масканига олиб борилган. Ҳозирда ушбу фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Дўст Қозоғистон масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришмоқда.
Ҳолат юзасидан Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан маълумот алмашинуви давом этмоқда», дейилади вазирлик хабарида.