Ўзбекистон анжуманлар саройида давом этаётган БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича иккинчи глобал форумини кириш сўзи билан очган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича бошқа жойда учрамайдиган тажриба ҳамда уникал тизим яратилганини қайд этди.
Ҳукумат аъзолари таркибида Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди. Глобал барқарор ривожланиш мақсад ва вазифалари ҳамда уларнинг индикаторлари миллий хусусиятларимизга мослаштирилиб, 16 мақсад, 125 вазифа ва 206 индикатор қабул қилинди.
Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифаси – миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича масъул вазирлик ҳамда идораларнинг самарали ишларини ташкил этиш, мақсадларга эришишда идоралараро уйғунликни таъминлаш этиб белгиланди.
– Ўз навбатида, барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда нафақат парламент ва Ҳукумат, балки фуқаролик жамияти институтлари билан ҳам ҳамкорлик асосий ёндашувлардан бирига айланди, – деди Т.Норбоева. – Барқарор ривожланиш мақсадлари кўзда тутилган миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда жами 10 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаол иштирок этмоқда. Қолаверса, халқаро ҳамкорлар, энг аввало, БМТнинг барча ихтисослашган тузилмалари билан йўлга қўйилган узвий ҳамкорлигимиз ҳам ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатаётганини мамнуният билан қайд этиш мумкин.
Таъкидлаш лозим, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистоннинг турли нуфузли халқаро рейтинг ва индекслардаги позицияларини яхшилаш бўйича ишлар ҳам бевосита парламент томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар ҳам Барқарор ривожланиш мақсадлари йўналишлари билан ўзаро ҳамоҳанг тарзда олиб борилмоқда.
Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда юқоридаги йўналишлар билан чекланилмай, соҳада парламент назорати ўрнатилди.
Давлатимиз раҳбари таклифи билан миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилди.
МАНБ: ЎзА