Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари Ўзбекистонда таълим босқичлари, шаҳар ва қишлоқлар бўйича кутилаётган таълим давомийлигини таҳлил қилди.
Мактабгача таълим: 2023-йилнинг бошидаги ҳолатга кўра, республика бўйича 3-6 ёшли болаларнинг ўртача кутилаётган таълим давомийлиги 2-йилни ташкил қилади (2017-йилда 0,9-йил эди). 6 ёшли болаларни мактабдан 1-йил олдин таълим билан қамраб олиш даражаси 70 фоизга етди (2017-йилда 27 фоиз эди). 6 ёшгача бўлган даврда қиз ва ўғил болаларнинг таълим олиш имкониятлари тенг (2017-йилда ўғил болаларнинг имкониятлари 2 фоиз кўпроқ бўлган).
Бошланғич таълим: 7 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларнинг кутилаётган таълим давомийлиги 3,8-йилни (шаҳарда 4,2-йилни, қишлоқда 3,5-йил) ташкил этади. Шаҳарда унинг 4-йилдан ошиқ бўлиш тенденцияси қишлоқ жойлардаги болаларнинг шаҳарга қатнаб ўқиши билан изоҳланади. 2017-йилда шаҳар (4,8-йил) ва қишлоқ (3,3-йил) ўртасидаги тафовут 1,43-йилни ташкил этган эди.
Тугалланмаган ўрта таълимда 11 ёшдан 15 ёшгача бўлган йигит ва қизларнинг таълим олиш имкониятлари республика бўйича 4,9-йилни ташкил этган. Йигитлар ва қизлар ўртасида тафовут деярли йўқ. Таълимнинг юқорироқ босқичига ўтиш билан (16 ёшдан кейин) тафовут ортиб боради. Ушбу тафовут қишлоқ ёшларининг шаҳарга келиб таълим олиши билан изоҳланади.
Тугалланган ўрта ва профессионал ўрта таълим, яъни ўрта мактаб, академик лицей, касб-ҳунар мактабларининг 10-11-синфлари, коллеж ва техникумларнинг 1-3-курсларида жами таълим йиллари (16-19 ёшдаги аҳоли сонига нисбатан) республика бўйича 2,3-йилни ташкил қилади. 19 ёшли йигит ва қизларнинг таълим олиш имкониятлари ўртасида энг катта тафовут кузатилади ва у қизлар фойдасига 0,4-йилни ташкил қилади.
Олий таълим ва ундан кейинги таълим: Олий таълимда 19 ёшдаги жами аҳолининг 28 фоизи таҳсил олмоқда (19 ёшли йигитларнинг 27,5 фоизи ва қизларнинг 28 фоизи).
2022-йил якунлари бўйича хулоса:
➖ таълим йиллари аҳоли сонининг қамрови билан энг мутаносиб босқич бу ўрта таълим (5-9-синфлар) га тўғри келади;
➖ қишлоқ аҳолисининг шаҳарга қатнаб ўқиши 16-17 ёшдаги йигитлар орасида энг кўп кузатилади;
➖ таълимнинг барча босқичларида эркак-аёлларнинг таълим имкониятлари бўйича ўрта профессионал таълим ҳамда олий таълимдан кейинги расмий таълимда аёлларнинг имкониятлари эркакларникига нисбатан яхшироқ;
➖ таълимнинг барча босқичларида 2017-йилдагига нисбатан давомийликнинг ошиши билан бирга эркак ва аёл ҳамда шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовут қисқариб бормоқда;
➖ жами таълим йиллари 14,6-йил (эркаклар учун 14,4-йил, аёллар учун 14,8-йил) ни ташкил этмоқда. 2017-йилда 12,9-йилни ташкил этган (эркаклар учун 13,1-йил, аёллар учун 12,7-йил).