Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 сентябрь куни маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантириш зарурлиги таъкидланди. Маҳалла раислари мурожаати вақтида ҳал этилиши муҳимлиги қайд этилди.
Маҳалла тизимида қатор ўзгаришлар киритиладиган бўлди. Жумладан, амалдаги “бешликка” солиқчи ва ижтимоий ходим ҳам қўшилиб, биргаликда ишлайдиган “маҳалла еттилиги” бўлади. Эндиликда 70 дан ортиқ масалалар, туман ва вилоят идораларига чиқмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилинади. Шу ҳақда сўз юритар экан, “бу – маҳаллага ҳам ваколат, ҳам масъулият дегани”, – деди Президент.
Ўз чиқиши давомида давлатимиз раҳбари бир неча марта маҳалла ва унинг раиси обрўйини кўтариш, жойлардан келиб тушган муаммоларни вақтида бартараф қилиш одамлар кайфиятига ижобий таъсир қилишини ва жамиятда камчиликларни кескин камайишига олиб келишини уқтирди.
Видеоселектор йиғилиши охирида маҳалла раисларидан бирининг чиқишидан сўнг унга қарата “Сиз каби раислар кўпайганда, менинг ишим анча енгиллашарди” – деди Президент.
Аммо афсуски, маҳаллалардан тушган илтимосу таклифларни ўз вақтида бажармасдан, муаммонинг ғовлаб кетишига, ҳокиму Президентгача шикоят вужудга келишига, кўпчиликнинг сарсону саргардон бўлишига сабабчи бўлаётган амалдорлар ҳали бизда оз эмас. Ана шулардан бири ҳақида сўз юритмоқчиман.
Самарқанд шаҳар Боғимайдон маҳалласида бундан 60 йил аввал ўрнатилган трансформаторни алмаштириш учун бир неча марта уринишлар қилинди. Гап шундаки, трансформатор эскирган, ҳар йили бир неча марта таъмирлашга тўғри келади ва хавфли жойда, шундайгина 60-мактаб дарвозаси ёнида жойлашган. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиалига қилинган кўп йиллик мурожаатлар натижа бермади. Фақатгина вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов кўмаги билан маҳаллага янги, замонавий ГКТП-250 русумли трансформатор олиб келинди.
Уни ўрнатиш учун Самарқанд шаҳар электр тармоқлари корхонаси усталари тавсияси билан маҳалланинг ўзи бетон плита, цемент ва уста топиб, асос-пойдевор тайёрлади. Транформатор ўрнатилди. Энди уни тармоққа улаш учун битта таянч устун, озроқ кабель ва сим керак эди. ҲЕТ филиали бош инженери ўринбосари Элдор Мамасолиев бир-икки кунда керакли материални шаҳар электр тармоқлари корхонаси инженери Камол Қурбонов орқали етказишга ваъда берган эди. Бу 25 август кунги гап. Аммо вилоят идорасига ишга киришган янги бош инженер Фарҳод Салоҳиддинов озгина материални беришни пайсалга солди. Унга қилинган мурожаатлар шундайлигича қолиб кетди.
Бир ой давомида Э.Мамасолиев билан К.Қурбонов бир неча марта Ф.Салоҳиддиновга керакли материалларни ажратишни сўраб, ҳузурига борган. Лекин у турли баҳоналар билан бўладиган ишни пайсалга солиб келмоқда. Наҳотки бош инженер янги трансформаторни тармоққа улаш юзлаб оилалар учун қанчалик фойдали эканлигини англамаса? Ана шундай валломатларнинг қайсарлиги, масала моҳиятини тушунмаслиги аҳоли норозилигига сабаб бўлади. Одамлар юқори ташкилотларга, то Президентгача шикоят билан чиқишга мажбур бўлади.
Давлатимиз раҳбари маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантириш зарурлигини таъкидлаб турган бир пайтда Ф.Салоҳиддинов каби валломатлар ўз қайсарлиги, масала моҳиятини тушунмаслиги туфайли аҳоли норозилигини келтириб чиқишига сабабчи бўлади.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов Президент видеоселектор йиғилишидан сўнг белгилаб берилган вазифалар ҳақида қисқача сўз юритиб, “маҳалла раислари ишламайдиган раҳбарлар ёқасига ёпишиш керак” деди. Билмадим, Ф.Салохиддинов ёқасига ёпишганлимиз шу бўлса керак-да! Аммо масъулиятсиз, тепса тебранмас раҳбарга янада қаттиқроқ ва юқорироқдан “ёпишиш” керакдир?!
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Фото: Президент матбуот котиби; муаллиф