2023 йил 11 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни юзасидан халқаро семинар бўлиб ўтди. Ушбу тадбир ЖСТ масалалари бўйича идоралараро комиссияси, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда ЖСТга аъзо мамлакатларга кўптомонлама музокаралар доирасида 15 дан ортиқ муҳим хужжат тақдим этилди.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг 7-йиғилишини ўтказиш бўйича тайёргарлик якуний босқичда.
Бундан ташқари, йил якунига қадар 10 дан ортиқ давлатлар билан музокараларни якунлаш бўйича жиддий чоралар кўрилмоқда.
Тадбир доирасида Франция, Ҳиндистон, Хитой Халқ Республикаси ва Япония давлатлари элчилари ҳам Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги муҳимлиги ва ушбу жараённи тўла қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтдилар.
Маълумот учун: Ўзбекистон 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йил ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини янгидан бошлади.