Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси раҳбари Давронжон Одиловнинг “Менимча” кўрсатувида маълум қилишича, лойиҳага кўра иккита метро линияси янги шаҳар билан боғланади. “Буюк ипак йўли” ва “Дўстлик” метро бекатларидан 30-35 дақиқада янги шаҳарга етиб келиш имконияти яратилади.
Тақдимотдан кўринишича, янги шаҳарда трамвай тармоғини қуриш ҳам режалаштирилган.
Шунингдек, кўрсатувда Шавкат Мирзиёевнинг мазкур лойиҳа ҳақидаги фикрлари келтирилган.
“32 йил ичида биринчи марта намунавий, жаҳон стандартларига мос лойиҳа қиляпмиз. Бу 300-400 йилга, невара-чевара ва келгуси авлодларимизга қолиши керак, биздан кейинги авлод ҳам буни давом эттириши керак”, – деди давлат раҳбари Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси билан танишаркан.