Марказий сайлов комиссияси йиғилишида Ўзбекистон президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича календар режа тасдиқланди.
Мазкур календар режада мантиқий изчиллик асосида қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар ва уларни амалга ошириш муддатлари белгиланди. Режага мувофиқ сайлов жараёнининг 7 та йўналиши бўйича 51 та тадбирлар назарда тутилди.
Режа округ ва участка сайлов комиссияларини ташкил этиш, кузатувчиларнинг сайловолди иштирокини таъминлаш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш, сиёсий партиялар, уларнинг президентликка номзодлари, уларнинг ишончли вакилларининг сайловолди иштирокини таъминлаш, сайлов комиссияларини молиялаштириш, сайловолди ташвиқоти, сайлов жараёнини ёритиш, овоз бериш ва бошқа ишларни қамраб олган.
2023 йил 9 июль кунига белгиланган Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этиш учун 17 май – 1 июнь оралиғида номзодлар кўрсатилади.