Уй-жойли бўлиш ҳуқуқи ҳар бир шахснинг ажралмас ҳуқуқи бўлиб, унинг муносиб ҳаёт кечириши учун муҳим ҳисобланади. Шу боис, мазкур ҳуқуқни таъминлаш ҳар бир давлатнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки, бугунги кунда дунёда 1,8 миллиард инсон уй-жойини яхшилашга муҳтож бўлса, 150 миллиондан ортиқ одамлар бошпонасиз яшаб келмоқда.
Ўзбекистонда ҳам уй-жойли бўлиш ҳуқуқини таъминлаш давлатнинг муҳим вазифасига айланган. Мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари соҳасида қатор халқаро ҳужжатлар, шу жумладан Инсон ҳуқуқлари буйича халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва бошқа ҳужжатларни ратификация қилган ва уй-жойли бўлиш ҳуқуқини тан олган бўлиб, бугунги кунда аҳолиға, асосан ижтимоий эҳтиёжманд қатламига арзон уй-жойларни қуриш, уларни сотиб олиш учун субсидиялар ажратишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширмоқда.
Хусусан, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобига субсидиялар тўланиши белгиланди. Ушбу тартиб доирасида 2020-2022 йилларда жами 27 800 нафар фуқарога бошланғич бадал бир қисмини қоплаш учун 795,6 млрд сўм ва 38 811 нафар фуқарога 429,4 млрд сўм фоиз тўловлари бир қисми қоплаш учун субсидия ажратилган. 2022 йилда республикада 50 минг оила учун янги квартиралар олишга шароит яратилиб берилди. 2023 йилда 90 минг оилани уй-жойли қилиш режалаштирилган. Яқин 2-3 йилда бу рақам 200 мингга етказилиши мумкин.
Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида тан олинар экан, мамлакатда амалга оширилаётган барча ислоҳотларда “Инсон қадри” устувор тамоийл ҳисобланади. Шу боис, уй-жойли бўлиш ҳуқуқи Конституция даражасида мустаҳкамлаш тақозо этмоқда. Хорижий давлатлар, шу жумладан МДҲ, Мексика, Нидерландия, Финляндия, Австрия, Швеция, Швейцария, Испания, Португалия, Бельгия, Колумбия, Пакистан, Иран, Корея Республикаси ва бошқа давлатларнинг конституцияларида кафолат сифатида мустаҳкамланган.

Уйлаймизки, Конституциянинг 47-моддасида ҳар бир инсоннинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқининг мустаҳкамланиши, давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратишга оид мажбуриятларининг белгиланиши дмамлакатимизда истиқомат қилувчи ҳар бир инсоннинг уй-жойли бўлишини, фаровон ҳаёт кечириш учун шароитлар яратилишини таъминлайди.
Сахипжамал Джолдасова,
эксперт, юридик фанлари доктори, доцент