Мамлакатимизнинг Испаниядаги элчихонасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА. Брифинг иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократлаштириш ва модернизация жараёнлари, шунингдек, мамлакатимиз Асосий қонунини ислоҳ қилишнинг асосий ғоялари билан таништирилди.
Брифингда сўзга чиққан экспертлар ҳамжамияти вакиллари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.
БМТ Илмий тадқиқот институти ва Европа университети (Валенсия) халқаро алоқаларни ривожлантириш дастури директори, Испаниянинг «ОK-Diario» ахборот агентлиги бош муҳаррири Хорхе Местре Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Экспертнинг айтишича, Ўзбекистон айни пайтда минтақадаги, айниқса, минтақавий иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик бўйича энг муҳим давлатлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон қўшнилар ўртасида кўприкларни қайта тиклади ва сиёсий яқинлашув ташаббускори сифатида Марказий Осиё минтақасида етакчи давлат сифатида мустаҳкам ўрин олди.
Хорхе Местре, шунингдек, Ўзбекистонда қисқа вақт ичида кўплаб соҳаларда фаол ислоҳотлар амалга оширилаётгани, тадбиркорлик янги босқичга кўтарилиб, экотизим шакллана бошлаганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, у Испания ҳукумати ва ишбилармон доиралари Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни катта қизиқиш ва эътибор билан кузатаётганини таъкидлади.
Мадрид халқаро пресс-клуби координатори, Испаниянинг «La Razón» газетаси муҳаррири Эдуардо Гуайлупо сўнгги йилларда Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт йўлида улкан натижаларни қўлга киритганини, халқ фаровонлигини оширишда салмоқли ютуқларга эришганини айтиб ўтди. «Республика модернизацияси миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш ва унинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган кучли ҳамда самарали давлат қуриш йўлида жадал давом этаётганини кузатмоқдамиз, — деди Эдуардо Гуайлупо.
-Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида мамлакатда Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун зарур бўлган сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий асослар яратилди. Бугун эса республика жадал ривожланаётганига гувоҳ бўлаяпмиз».
«Diplomat in Spain» онлайн нашри шарҳловчиси Альберто Рубио сўнгги йилларда Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш борасида туб ўзгаришлар рўй берганини маълум қилди. «Айни пайтда миллий оммавий ахборот воситалари халқ овозига, аслида эса тўртинчи ҳокимиятга айланди. Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва демократик институтлар инсон ҳуқуқлари, жумладан, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Мамлакатда оммавий ахборот воситалари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш мақсадида қонунчилик базаси такомиллаштирилмоқда. Умуман айтганда, Ўзбекистон ахборот маконининг жадал кенгайиши кузатилмоқда», деди Альберто Рубио.