Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларнинг лойиҳаолди, давлат харидига доир тендер бўйича харид қилиш ҳужжатлари ва техник топшириқлар ҳамда шартномаларни экспертизадан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-332-сон Қарори (25.07.2022-y.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, давлат харидига доир тендер харид ҳужжатларини, техник топшириқларни ҳамда шартномалар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш учун тўловлар харид предмети нархининг ҚҚСни инобатга олмаган ҳолда 0,1 фоизи миқдорида, БҲМнинг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда ҳисобланиб, ушбу миқдорга ҚҚС алоҳида қўшилган ҳолда ундирилади.
Лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини комплекс экспертизадан ўтказганлик учун тўловлар ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда лойиҳа умумий суммасининг 0,03 фоизи миқдорида, бироқ эквиваленти 4 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган ва 50 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда ҳисобланиб, ушбу миқдорга ҚҚС алоҳида қўшилган ҳолда ундирилади.
Лойиҳаларнинг техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини комплекс экспертизадан ўтказганлик учун лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини комплекс экспертизадан ўтказганлик учун белгиланган сумманинг 50 фоизи миқдорида ҳақ ундирилади.
Экспертизалар 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш шарти билан ўтказилади.
Қарор билан қуйидагиларни тартибга солувчи низомлар тасдиқланди:
инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларнинг лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш, комплекс экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш;
давлат харидига доир тендер бўйича харид қилиш ҳужжатларини ва техник топшириқларни комплекс экспертизадан ўтказиш;
шартномалар, импорт контрактлари ва уларга қўшимча келишувлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш тартиби;
лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асоси ва техник-иқтисодий ҳисоб-китобини, давлат харидига доир тендер бўйича харид ҳужжатлари ва техник топшириқларни комплекс экспертизадан ўтказиш хизмати қийматини аниқлаш тартиби.