Халқ билан бевосита мулоқот қилиш, одамларнинг ўй-фикрларини билиш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш барча даражадаги раҳбарларнинг кундалик иш фаолиятининг муҳим қисми ҳисобланади.
Сенаторлар иш фаолияти ҳам шундай тузилган. Айниқса, жойлардаги сенаторлар ҳар куни халқ орасида бўлишга ҳаракат қилиб келмоқда. Шунга қарамай Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторларни ҳудудларга хизмат сафарига юборди. Ҳар бир вилоятга борадиган сенаторлар рўйхати шакллантирилди.
Улар бир ҳафта мобайнида борадиган вилоятида одамлар билан учрашиб, улар билан мулоқот қилади. Учрашувлар давомида, шунингдек, Сенатнинг яқинда бўлиб ўтган йигирма саккизинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва кўриб чиқилган масалалар ҳақида халқимизни яқиндан хабардор қилади.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти аҳолига кенгроқ тушунтирилади.
Шунингдек, Сенат, Сенат Кенгаши ва қўмиталарнинг қарорлари ижроси, Сенатга фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар юзасидан учрашувлар ўтказилади.
Маълумот учун: – сенаторлар Борий Алиханов, Ботир Матмуратов – Қорақалпоғистон Республикасида;
– Равшанбек Алимов – Андижон вилоятида;
– Эркин Гадоев – Бухоро вилоятида;
– Рисқул Сиддиқов – Жиззах вилоятида;
– Қобил Турсунов – Навоий вилоятида;
– Маҳмуд Парпиев – Наманган вилоятида;
– Фарҳод Боқиев – Самарканд вилоятида;
– Анвар Тўйчиев – Сирдарё вилоятида;
– Одилжон Иминов – Сурхондарё вилоятида;
– Малика Қодирхонова – Тошкент вилоятида;
– Манзура Салимова – Фарғона вилоятида;
– Баҳодир Тожиев – Хоразм вилоятида;
– Толибжон Мадумаров – Қашқадарё вилоятида хизмат сафарида.