Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аввал эришилган келишувлар амалга оширилишининг бориши батафсил муҳокама қилинди.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини илгари суришга, шу жумладан Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолиятини бошлаш, Қамбарота 1-гидроэлектр станцияси ва “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича инфратузилмавий лойиҳаларни жадаллаштириш, саноат кооперациясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Маданий-гуманитар соҳадаги сермаҳсул алмашинувлар ва қўшма дастурлар амалга оширилаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Қабул қилинган қарорларни сўзсиз бажариш мақсадида ҳукуматлар даражасида фаол мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.
Давлат раҳбарлари бўлажак олий даражадаги учрашувлар режасини кўриб чиқдилар. Минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.