Жанубий Кореянинг “The Korea Times” газетасида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”га бағишланган мақоласи инглиз тилида чоп этилди.
Муаллифнинг ёзишича, 2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қабул қилиниши тўлиқ маънода тарихий воқеа, ўтган йиллар давомида амалга оширилган Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлди.
“Ўтган даврдаги барча ҳаракатларимиз халқ билан мулоқотга қаратилди. Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқишда мавжуд муаммолар инобатга олиниб, ечимини кутаётган долзарб вазифалар ўз аксини топди. Ушбу ҳужжатни тайёрлашда мамлакат фуқаролари фаол иштирок этди. Шунинг учун бу халқ муаллифлигидаги тарихий ҳужжат десак, муболаға бўлмайди”, — деб таъкидлайди муаллиф.
Биринчи йўналишнинг “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” деб номланиши рамзий маънога эга.
У белгиланган режалар хусусиятларини тавсифловчи 12 та мақсад ва 42 та вазифани қамраб олади.
Яқин беш йилга мўлжалланган ушбу тарихий ҳужжат Барқарор ривожланиш мақсадларига жавоб беради. Тараққиёт стратегиясининг амалга оширилиши 2026 йилгача БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳам бир вақтнинг ўзида муваффақиятли амалга ошириш имконини беради.
2022 йилда Тараққиёт стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастуридаги вазифалар ижросини таъминлаш орқали аҳолининг барча қатламлари – ўрта синф вакиллари ва тадбиркорлар, зиёлилар, бюджет ташкилотлари ходимлари, ҳарбийлар, фахрийлар, кам таъминланган оилалар, оилалар, ногиронлиги бор шахслар, умуман олганда, бутун халқ эҳтиёжлари қондирилади.