4.2 C
Узбекистан
Воскресенье, 24 ноября, 2024

Ўзбекистонда ислом: кеча, бугун, эртага. Профессор Бахтиёр Бобожонов билан суҳбат

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

Бахтиёр Мираимович Бобожонов, профессор, исломшунос, тарихчи.

1996 йилда (“Нақшбандия сўфий шайхларининг Мавароуннаҳрдаги сиёсий фаолияти”) PHD диссертациясини, 2007 йилда (Habilitation) “Қўқон хонлиги: ҳокимият, сиёсат, дин” мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Илмий қизиқишлари: Марказий (Ўрта) Осиёда ислом маданияти ва сўфийлик тарихи, Россия империясининг Марказий Осиёдаги диний сиёсати, Собиқ СССРдаги ислом институтлари тарихидан, мустақиллик даврида исломнинг тикланиши, замонавий жиҳодчилик мафкураси.

Бахтиёр Бобожонов 2020 йил октябрь ойида нашр этилган “Ўзбекистонда фан ва дин: улар ўртасида қандай боғлиқлик бор?” мақоласини ўқиб чиқиб, савол билан юзланмоқчи бўлган нашримиз ўқувчиларини қизиқтирган айрим жиҳатлар бўйича жавоб беришга рози бўлди.

Ҳурматли Бахтиёр Мираимович! Яқинда, 19 февраль куни ЎМК Миллий санъат галереясида китобингиз тақдимотида обидалардаги битиклар ёки уларнинг тарихи ислом маданияти ва цивилизациясининг муҳим бўғини эканлиги ҳақида гапирдингиз. “Бугунги кунда айнан мана шу меросни тарғиб қилишимиз керак, лекин биз бунинг учун кам ҳаракат қиляпмиз ва қилаётган ҳаракатларимиз етарлича профессионал эмас”, дедингиз. Юртбошимиз, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг яширинмаган ачиниш билан айтган жуда самимий ва муҳим сўзларини эслаб ўтишни ўринли деб билдим: “Биз одамларни ислом – бу нур эканига ишонтира олмадик. Ва бу бизнинг фожеамиздир”.

Тақдимот чоғида ахборот маконимизда ёки маърифий ишларда “Ислом мероси” у қадар тўғри тушунилмаётганини ҳам айтиб ўтдингиз. Сиз ҳатто: “Шу сабали ҳам мамлакатдаги диний вазият билан боғлиқ бошқа муаммолар ҳам кўп. Лекин бу бошқа масала ва бошқа мавзу” деб айтиб ўтдингиз.

—Ҳа. Худди шундай.

— Шу ва шунга ўхшаш мавзуларга мурожаат қилиш вақти келмадимикин? Булар жуда долзарб мавзулар, айниқса, ҳозирда ижтимоий тармоқларда Ислом дини, унинг ҳаётимиздаги ўрни билан боғлиқ мавзулар қизғин муҳокама қилинаётганини инобатга олсак, бу мавзулар жамиятимиз учун долзарб мавзулар, фикримга қўшиласизми?

— Ҳа, қўшиламан. Аммо келинг, аниқлик киритиб олайлик – Сизни нима қизиқтиради?

— Масалан, мамлакатимизда, минтақамизда ва жаҳонда динларнинг, айниқса исломнинг келажаги қандай? Дин замонавий иқтисод ёки сиёсат саволларига жавоб бера оладими? Демократик давлат тузилиши ва исломни бирлаштиришнинг имкони борми? Диний арбобларнинг ўзлари ислом динининг мамлакат ҳаётидаги ўрнини қандай тушунишади? Нима учун уларнинг баъзилари диндан ташқарида бўлганларни бунчалик очиқ танқид қилиб, бошқа дин вакилларига, айниқса, медиа майдонда тобора кўпроқ салбий мунособатда билдирмоқда? Нима учун улар замонавий санъатни ёқтирмайдилар? Нима учун уларнинг баъзилари табиий фанларни танқид қилади ва ҳатто «тўғрилаш»га ҳаракат қилади? Замонавий исломий блогерлар ва каналлар ташвиқотининг моҳияти нимада? Исломни нотўғри тушуниб, ўзларининг тажовузкорликларини, зўравонликларини шу дин тамойиллари билан асослашга уринаётганлар қандай ва нима учун пайдо бўлмоқда?

— Саволларга кўмиб ташладингизку!

— Ҳа, мен саволларнинг узун рўйхатини тузиб келганман! Бироқ, бу нафақат менинг саволларим, балки бизнинг ўқувчиларимизнинг саволлари ҳамдир! Охир-оқибат, бу саволларни бизнинг олдимизга ҳаётнинг ва воқеаликларнинг ўзи, айниқса, медиа макондаги қизғин муҳокамалар қўймоқда! Бизнинг ўқувчиларимиз турли қарашларга эга, аммо улар ўз саволларига  мутахассисдан жавоб олишга ҳақлидирлар. Сиз кўп йиллардан буён ислом динини, унинг ўрта асрлар тарихини, мустамлакачилик давридаги мусулмон илоҳиётшунослари тарихини, совет давридаги ислом динини қайта тикланишнинг ўзига хос жиҳатларини, терроризмнинг динни нотўғри талқинларга асосланган ҳолда келиб чиқиш сабабларини ва шунга ўхшаш бошқа муаммоларни ўргангансиз. Сиз бу соҳада кўплаб халқаро лойиҳалар иштирокчисисиз. Билишимча, сиз баъзи террористик ташкилотларнинг архивлари билан ишлашга муваффақ бўлгансиз. Бу жуда муҳим тажриба! Аммо сизнинг ишларингизнинг асосий қисми илмийдир, яъни улар илмий тилнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, кенг жамоатчилик томонидан ҳар доим ҳам тасаввур қилинмасада, улар ҳақиқатга яқин деб даъво қилиниши мумкин. Шу боис сизга мурожаат қилганимиз табиий. Қолаверса, бу саволларни бераётган асосий аудитория академик олимлар, ОТМ ва мактаб ўқитувчилари, тадбиркорлар, зиёлилар, талабалар ва бошқа фуқаролардир. Уларнинг кўпчилиги исломий блогерларнинг баъзи баёнотларидан том маънода ҳайратда эканлигини ёзади.

— Ҳа, тушунаман. Ишончингиз учун раҳмат. Дарҳақиқат, мавзу жуда нозик, кўплаб саволлар тўпланиб қолган. Бундан ташқари, саволлар кўлами жуда кенг. Шунинг учун, биргина қисқа интервьюда бу саволларингизга жавоб бериш мен учун бироз мушкул. Агар сизнинг ўқувчиларингиз буларнинг барчасига чиндан ҳам қизиқса, унда улар ҳеч ким 1-2 жумла ва ҳатто битта интервью билан атрофда содир бўлаётган ҳолатларни тушунтира олмаслигини тушунишлари керак. Бу ўта чекланган ёки нотўғри тушунтириш бўлади. Масалан, бугунги жараён ва муаммоларни тушуниш учун ҳодисаларнинг моҳиятини англаш учун муқаррар равишда ҳеч бўлмаганда бевосита тарихий истиқболга мурожаат қилишимиз керак. Диннинг айрим хусусиятларига, унинг замонавий дунё воқелигидаги ўрни ва бошқаларга тўхталиб ўтиш зарур бўлади.

Хўп, Бахтиёр Мираимович. Биз ҳам аслида бир неча  мутахассислар билан бу каби суҳбатлар сериясини ўтказишни режалаштирган эдик. Агар бу интервьюлар дебочасига асос қўйсангиз, биз бундан мамнун бўлардик. Яна бир илтимос. Агар биз сиз билан бир нечта интервью ўтказсак, албатта ўқувчилар томонидан саволлар ёки шарҳлар ёзилиши аниқ. Мен сизнинг рухсатингиз билан уларни кузатиб бораман, тўплайман ва кейинги суҳбат давомида сизга йўллайман.

— Яхши. Келинг уриниб кўрамиз. Аммо, такрор айтаман, агар сизнинг ўқувчиларингиз содда бўлмаган изоҳларга тайёр бўлишса, бажонидил. Мураккаб ҳодисаларни оддий жавоблар билан тушунтириб бўлмайди, тўғрими?

Ҳа албатта. Унда келинг, ўтмиш тарихга ёки сиз айтгандек, яқин ўтмишга қисқа назар ташлайлик. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик даври мобайнида улкан ўзгаришлар бўлди. Жумладан, дин билан боғлиқ ҳолда, диний эркинликни таъминлаш борасида кўп ишлар қилинди ва қилинмоқда. Лекин, пировардида, Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз одамларни исломнинг нур эканлигига ишонтира олмадик”. Бунинг сабабини тушунтириб бера оласизми?

— Уриниб кўраман. Имкон қадар қисқа жавоб беришга ҳаракат қиламан. Огоҳлантираман, мен фақат ўз номимдан гапираман, ўз фикримни билдираман, бу бошқа экспертлар ёки мутахассисларнинг фикрлари билан мос келмаслиги мумкин.

Демак, бугунги кун муаммолари мазмунини тушуниш учун Мустақиллик бошланишидан олдинги даврни (1991 йил июнь) эслайлик. Ўзбекистон совет мафкурасини обрўсизлантириш ва ислом динининг тез тикланиши фонида биринчилардан бўлиб атеистик сиёсатдан расман воз кечди. Бундан ташқари, диний ташкилотларни ташкил этиш, Ҳажга, бошқа конфессия вакиллари учун зиёратгоҳларга бориш ва ҳоказоларга қўйилган чекловлар амалда бекор қилинди, турли преференциялар берилди. Диндорларнинг аксарияти қонунларда мустаҳкамланган диний эркинликлардан – масжид ва ибодатхоналарга эркин кириш, диний таълим муассасаларининг очилиши, бепул зиёрат қилиш ва бошқалардан жуда мамнун эди.

Бироқ, шундай мусулмон уламолари ҳам бор эканки, улар нафақат ислом динининг ижтимоий тикланиши масаласини илгари суришди, балки ўзларини исломни жамиятнинг сиёсий кучи сифатида унинг маънавий етакчиси ва ҳатто ўзларини салоҳиятли давлат раҳнамоси ўрнида тасаввур қилишган. Қолаверса, уларнинг очиқ-ойдин тажовузкорлиги масжидлар, давлат уйлари ва муассасаларини зўравонлик билан эгаллаб олиш, Наманганда ҳижобсиз аёлларга, ўзларининг “шариат аҳлоқ патруллари”нинг ҳужумлари ва бошқа ҳолатларда бўй кўрсата бошлади. Буларнинг барчаси ҳокимиятни ҳам, маънавий тикланишни бутунлай бошқача тасаввур қилган аҳолининг асосий қисмини ҳам ниҳоятда сергаклантирди.

— Яъни, сўз тўғридан-тўғри сиёсий даъволар ҳақида борди. Тўғрими?

— Ҳа, худди шундай. Бироқ, ўшанда пайдо бўлган асосий масала – бу янги ташкил этилган диний етакчилар (уларни у пайтда “ваҳҳобийлар”, деб аташган) ёки ўзларини шундай деб ҳисоблаганлар давлатни бошқаришга тайёрми ёки аксинча, жавоб топишда эди. Бу масала билан боғлиқ ҳолда яна кўплаб саволлар туғилди ва ҳануз туғилмоқда – масалан, диний таълим барча мураккаб билимлар тўпламини (дунёвий билим, таъкидлайман!) ва давлатни бошқариш учун етарли бўлган сиёсий тажрибани бера оладими? Бу янги пайдо бўлган “исломчилар” ўша пайтда аянчли аҳволда бўлган мамлакат иқтисодиётини кўтариш, халқаро алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳоказо вазифаларни уддалай олар эдими? Энг муҳими эса фуқароларнинг аксарияти диний қонунларга кўра юкланган бошқарувга рози бўлар эдими? Жавоблар ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам аниқ эди – албатта йўқ ва яна йўқ!

— «Ваҳҳобийлар» билан онглироқ ва мувозанатли дин олимлари ўртасидаги ўша даврдаги ички мунозаралар ҳақида аниқ мисол келтира оласизми?

— Исталганча. Аммо мунозаралар кўпинча фқиқҳий (биринчи ўринда расм-русумга оид маслалар) ва диний-ижтимоий хусусиятга эга. Агар саволлар бўлса, улар ҳақида ҳам гаплашишимиз мумкин. Ўша даврдаги баъзи ислом уламоларининг Ўзбекистоннинг келажакдаги сиёсий тузилиши ҳақидаги мунозараларига келсак, 1992 йилда икки таниқли ислом олимлари ўртасида бўлиб ўтган бир қизғин баҳсни эслайман. Улардан бири (шартли равишда «ваҳҳобий» деб атайман) Ўзбекистонни Исломий «Амирлик» ёки “Исломий давлат” деб эълон қилиш учун оёқ тираб турди. Яна бири (мен уни шартли равишда, сизнинг таърифингизга кўра, «мувозанатли дин олимлари» деб атайман) эълон қилинган диний эркинликлар мусулмонлар учун етарли эканлигини ва бундай шароитда мусулмонларнинг сиёсатга аралашуви умуман шарт эмаслигини айтди. У рақиби, яъни «ваҳҳобий»га: “Сиз ва тарафдорларингиз давлатни бошқариш тажрибасига эгамисиз(лар)? Ёки иқтисодиётни, молиявий сиёсатни давлатда қандай олиб бориш керак? Бизнинг шариатимиз айниқса, жуда мураккаб дунёда замонавий давлатни бошқариш учун барча тайёр кўрсатмаларни бера олишига ишончингиз комилми?” – деган савол билан юзланди.

Рақибининг  жавоби кутилгандек бўлди. Унинг сўзларига кўра, “шариат адолати”ни тиклаш учун мамлакатни исломий деб эълон қилиш, “муҳтасиблар армияси”ни (яъни исломий кўрсатмаларга риоя этилишини назорат қилувчи “полиция”ни) тузиб, уларга ўн минг қамчи бериш лозимгини ва улар барчани ҳақиқий Исломга қайтаради, деди. У: “Кимгаки бу ёқмаса, кофирлар юртига кетсин”, деб қўшимча қилди. Айниқса, қўшни Афғонистондаги бугунги вазият фонида жуда таниш сўзлар, шундайми? «Ваҳҳобий»нинг шунчаки жоҳиллиги эмас, балки муросасизлиги ва тажовузкорлиги хавотир уйғотади. Кейинчалик, бу тажовуз, билганингиздек, яқин тарихимизнинг энг қайғули саҳифаларига айланган бир қатор терактларга (1999, 2004, 2005) олиб келди. Куч ишлатишга тўғри келди, бироқ бу ҳам барча муаммоларга ечим бўлмади.

— Ҳа, “шариатга қайтиш” бўйича бундай «таклифлар»ни хорижда ивирсиб юрган исломий блогерлардан ҳамон эшитиш мумкин. Лекин, билишимча, исломий бошқарувни тарғиб қилаётганлар баъзи бой ислом давлатларини мисол келтиришган.

— Ҳанузгача мисол келтиришади. Аммо бу ё айёрлик ва тарихни билмаслик, ёки атайлаб йўлдан оздириш. Дунё тузилишининг ўзига хос хусусиятларини билмасликда интеллектуал ва сиёсий соддалик инкор этилмайди. Ахир, иқтисодчилар аллақачон уларнинг нефтига талаб пайдо бўлганидан сўнг анчайин молиявий фаровонлик келтиргани сабабли бу мамлакатларнинг бойлиги нисбатан яқинда пайдо бўлган ҳодиса эканлигини исботлашган. Аммо бир қатор ислом давлатлари (айтайлик, Сомали, Судан ва бошқа Африка давлатлари) қолоқ. Иқтисодий ёки техник ривожланиш эмас, балки нефть муваффақиятнинг биринчи сабабидир. Дарвоқе, бу нефтни хориж фирмалари ва исломий бўлмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ускуналар мураккаб технология асосида ишлаб чиқаради ва нефть қудуқларида бошқа мамлакатлардан келган мутахассислар ишлайди. Араблар сони ниҳоятда кам.

Бундан ташқари, Амирликлар ва Саудиядаги улуғвор қурилиш лойиҳалари муаллифлари эса европаликлар ёки японияликлардир. Айнан мана шундай ҳолатлар нефтга бой бўлган кўплаб ислом давлатларининг қироллик оилалари, сиёсий идоралари ўз юртларида нефть чексиз эмаслигини англашди ва бу ҳолат бюджетни тўлдиришнинг муқобил манбаларини излаш, мутахассисларни тайёрлаш зарур деган фикрга туртки бўлди. Шу боис бу мамлакатларда, жумладан, Саудия Арабистонида ҳам ёшларни дунёнинг етакчи университетларида ўқитиш бўйича улкан лойиҳалар бошлаб юборилган бўлиб, улар қайтиб келиб, ўз мамлакатларига янги ғоялар, ҳаттоки, янги мафкураларни олиб келмоқдалар деган бўлардим. Бундан ташқари, улар техник фанларни мажбурий киритиш, замонавий технологияларни ўрганиш, «технопарклар» ва бошқаларни ўз ичига олган ҳолда ўзларининг дунёвий университетларини ташкил этишга киришдилар. Буларнинг барчаси осмонўпар биноларни ўзлари лойиҳалашлари ва қуришлари, мамлакатни технологик жиҳатдан ривожлантириш учун қилинмоқда. Яъни, бу исломий мамлакатларда таълим соҳасида ҳам, ижтимоий ва сиёсий тизимларда ҳам модернизация жадал суръатларда давом этмоқда. Улар ҳукуматнинг жаҳон андозалари – парламент ва президентлик бошқарувининг бир қисмини қабул қилдилар.

Буларнинг барчаси етакчи мусулмон мамлакатларида ислом динини ислоҳ қилиш, уни замонавий воқеликка мослаштириш, диний зўравонликни рад этиш ғоялари ёки дунёвий ва диний таълимни ажратиш, ақидаларнинг ҳаётнинг барча соҳаларига таъсирини чеклаш таклифлари билан бирга келади. Бизнинг ғайратли «исломчилар»имиз ва уларни қўллаб-қувватлаётганлар ҳалигача қарама-қарши фикрларни илгари суришяпти, лекин ислоҳот кераклиги ҳақида эмас.

Айтганча, аҳоли сони бўйича (270 миллион) кўпчилик мусулмонлар (88 фоизгача) бўлган энг йирик давлат Индонезия ҳисобланади. Унинг нефть каби ресурслари ҳам йўқ. Аммо бу мамлакат фуқаролари (жумладан, мусулмонлар) қарийб 70 йил аввал келажак юқори технологияларга тегишли эканлигини англаб етган. Ўшандан бери улар дунёвий таълимга фаол сармоя киритиб, уни диний таълимдан ажратиб, дин эркинлигининг барча шартларига риоя қилган ҳолда аллақачон бир қанча технологик университетларга асос солиб, бошланғич таълимни дунёвий ҳолга келтиришди, бир вақтнинг ўзида исломий курслар ва ҳоҳловчилар учун мактаблар очишди. Ўхшаш жараёнлар Малайзияда ҳам давом этмоқда.

Шу билан бирга, ўз вақтида Индонезиядаги аксарият мусулмонлар ҳеч қандай ташқи босимсиз, нафақат мамлакатнинг иқтисодий ва технологик фаровонлигининг кафолати, балки конфессиялараро ва Исломнинг ички барқарорлигини назорат қилишнинг ва ўзаро муносабатларни тартибга солишнинг ягона самарали кафолати сифатида дунёвий давлатни афзал кўрдилар.

Исломнинг  ички барқарорлиги деганда нима тушунилади?

— Мен юқорида бу ҳақда бир оз гапириб ўтдим. Бу ислом жамоати ичидаги бўлинишларни назарда тутади, улар фақатгина фиқҳий ёки ақидавий эмас, балки сиёсий масалаларга ҳам тақалади. Бу бўлинишларни давлатни тўлиқ «шариатлаштириш» тарафдори бўлган ва ҳалигача ҳимоя қилганлар келтириб чиқармоқда. Уларга замонавий шароитда дунёвий демократик ҳукумат мусулмонлар манфаатларига ва уларнинг ақидалари асосларига тўлиқ жавоб беради, барқарорликни таъминлайди, деб ҳисоблайдиган диндорлар қарши туришади. Индонезия бу муаммоларни 1950-70 йилларда енгиб чиқди. Биз 1990 йилларнинг бошида ҳам худди шундай бўлинишларга дуч келганмиз, чунки мусулмонларнинг бир қисми мусулмон дунёсидаги халқаро экстремистик партиялар ва ташкилотлар таъсирига тушиб қолган эди.

— Ҳа, Индонезия тажрибаси ҳақидаги мақолангизни ўқиб чиққандим. Давлатни мажбуран «шариатлаштириш» тарафдорларининг мақсади тушунарли – улар ҳокимиятга эришмоқчи. Аммо аҳолининг аксарияти, жумладан, диндорларнинг аксарияти ҳам уларни қўллаб-қувватламайди, десангиз, улардан таҳдид қанчалик жиддий?

— Биринчидан, тарихда кўпинча инқилоблар, тартибсизликлар ёки қўзғолонлар пайтида, аҳолининг кўпчилиги уларни қўллаб-қувватламаганига қарамай, агрессив мухолифат сиёсий Олимпга кўтарилган ҳолатлар мавжуд. Кўпинча эса ўша ҳолатга тушиб қолган ҳукумат ўзини, масалан, ахборот соҳасида ҳимоя қила олмагани ва кўпчилик аҳолининг қўллаб-қувватлашини йўқотганлиги сабаб бўлади.

Иккинчидан, «жиҳодчилик» диний-сиёсий мафкура сифатида ўзининг глобал ёки минтақавий манфаатлари йўлида шундай экстремистик, ҳатто террористик ташкилотлардан ҳамиша яширинча фойдаланаётган кўплаб қудратли давлатлар манфаатлари йўлида муҳим сиёсий ва милитаристик куч сифатида молиялаштирилади ва ривожлантирилади. Бу ҳақда сиёсатшунослар кўп ёзишади.

Учинчидан, можарода манфаатдор томонларни ўлдирадиган қуролларидан ташқари, бу ташкилотлар қўлларига ахборот қуролларини олдилар. Ахборот қуроли эса анча даҳшатлироқ, чунки у самаралироқ. Қурол олиш ёки ўзига шундай аталмиш “Шаҳид камари” портловчи мосламасини осиб қўйиш қарори кўп босқичли ҳаракат бўлиб, том маънода мия, мафкурани қайта кодлаш билан бошланади. Замонавий ахборот оқимлари, шу жумладан “жиҳодчи”лар ҳам айнан шундай қилишади. 

Ислом давлати ёки “Жаҳон халифалиги”ни мажбуран барпо этиш ғояси нисбатан самарали тарғибот туфайли глобал миқёсда вазн касб этди. «Ал-Қоида» каби ҳамма ерда аянчли обрўга эга ва тақиқланган «Исломий Давлат» (ИШИД) таркибидаги бир қатор трансконтинентал террористик ташкилотлар пайдо бўлди. Улар оммавий ахборот воситаларида пропагандани жуда профессионал тарзда йўлга қўйишган, бу ерда таъбир жоиз бўлса, “Голливуд усуллари” жиҳодни кураш усули сифатида улуғлаш учун исломнинг илк тарихидан мисоллар келтирмоқда, “Аллоҳ йўлида ва Аллоҳ номи билан” ақидавий кўрсатмаларни тўлиқ бузган ҳолда ўлимни “муқаддас бурч” сифатида улуғламоқда. Хулоса қилиб айтганда, улар баъзи содда мусулмонларни Яқин Шарқдаги жиҳодчилар сафига ёки уларга хайрихоҳлар сафига жалб қилиш учун ўзларининг стратегия ва усулларини ишлаб чиқишди.

Исломий террористик ташкилотлар, айниқса, Яқин Шарқда жисмоний мағлубиятга учраган бўлсалар ҳам, интернетда ўз курашларини давом эттирмоқдалар. Улар узоқ вақт ва профессионал равишда ўзларининг ташвиқот стратегияларини яратишга муваффақ бўлишди, бунда ўз аудиториясига таъсир қилиш ва кенгайтиришнинг турли усулларидан фойдаланишди. Масалан, улар бизнинг муаммоларимизни жуда синчковлик билан ўрганадилар, жамиятдаги ёки халқаро сиёсатдаги биз «ўзимизча» четлаб ўтадиган ва жим бўладиган ҳодисаларни танқид қилишдан фойдаланадилар. Айнан бизнинг муаммоларимизни танқид қилиш асосида улар ўзларининг қарши ташвиқотларини қурадилар. Замонавий медиа макон ахборот урушларининг улкан театридир. Агар биз “қайноқ мавзулар”ни муҳокама қилишдан қочсак, ғоявий рақибларимиз буни ўз мақсадлари учун қурол қилишлари табиий. Демак, аксилпропагандада жиддий ҳаракат қилишимиз, мухолифларимизга ахборот майдонини бўшатиб бермаслик керак. Напалеонга тегишли бўлган машҳур афоризмни қайта ифодалай туриб: “Ўз ташвиқотчиларингизни боқмас экансиз, бегона ташвиқотчиларни боқасиз” деб айтиш мумкин.

Яъни, «жиҳодчилик» мафкурачилари мана шундай оддий ҳийла-найранглардан фойдаланиб, афсуски, ўз тарафдорлари сонини кўпайтиришга муваффақ бўлишади, буни статистик маълумотлар – обуначилар ва саҳифага кирганларнинг жиддий ўсиши ҳам тасдиқлайди. Бу ҳақида умид қиламанки, батафсилроқ суҳбат қиламиз.

Гарчи замонавий дунёда тинч тарғибот ва исломий меъёрларни оила, жамоат ҳаёти, таълим ва ҳатто сиёсатга жорий этиш тарафдори бўлган шундай исломий сиёсий ҳаракатлар ҳам мавжуд. Бизнинг воқеликда бу ҳаракатлар аллақачон кучайиб, ахборот маконида ўз ўрнини топиб, аниқ муваффақиятларга эришмоқда.

— Ҳа, бу ҳақда ҳам гаплашамиз ҳали. Бахтиёр Мираимович, рухсат берсангиз, замонавий кунларга, айниқса, Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳолатига ҳали қайтамиз. Суҳбатнинг ушбу қисмини маълум тарзда якунлаш учун минтақамизда ва айниқса, Ўзбекистонда ислом дини қайта тикланишининг бошқа хусусиятлари ҳақида саволни тўлдиришингизни сўраб қолардим, айниқса, бунга ўзингиз гувоҳ бўлгансиз ва баъзи мақолаларингизда ёзганингиздек, бу жараёнларни шахсан кузатгансиз.  Бу жараёнлар ҳақидаги фикрингизни муҳим деб биламан, чунки сиз юқорида санаб ўтилган саволларга жавоблар ўтмишдан келиб чиққанлигини айтиб ўтдингиз.

— Шундай қиламиз. Мени мустақилликнинг бошида бу диний уйғонишнинг хусусиятлари ва юзага келиши мумкин бўлган оқибатлари жуда қизиқтирган эди. Ўшанда ўзимга берган энг муҳим савол – “Бу уйғониш ўтмишдаги юкни, яъни аввалги қатағон ва атеистик танқидларга бўлган нафратни енгиб ўта оладими?” деган савол эди. Тарих шуни кўрсатадики, бундай таъқиблар тўхтатилгач, диний уйғониш табиий равишда ўта ҳиссий ва баъзан сиёсий контекстни олади.

— Ҳа, лекин қатағон ва чекловлар у ёки бу даражада ўша пайтдаги республикаларнинг барча фуқароларига таъсир қилди. Улар ҳам мусулмонлар каби қандайдир тарзда совет воқелигига мослашишдику?

— Ҳа, қатағонлар ҳаммага таъсир қилди ва барча имкон қадар уларга мослашарди. Мусулмонлар ва айниқса, уларнинг раҳбарлари ҳам атеистик сиёсатнинг энг оғир шароитларига мослаша олдилар. Уларнинг асарлари ёки ўша оғир даврдаги мактубларини ўқиб, бу мослашув кўпинча ўз ички кечинмаларига шўнғиб қолган деган хулосага келасиз. Биз бундай ҳолат ҳақида оддий суҳбатда “хафагарчилигини ичга ютди” деб айтамиз. Аммо бу норозиликларни қанча ютиб, тўплаш мумкин эди? Шунинг учун мен исломнинг постсовет давридаги тикланиши жуда эмоционал жараён бўлиб, кўп йиллик таъқиблар учун қасосга ўхшайди деб таъкидлайман. Бу қасос нафақат ижтимоий ёки мафкуравий, балки сиёсийдир. Буни тушунишимиз керак! Бу инерция, шу жумладан, давлатнинг қатъий позицияси туфайли бир оз заифлашди. Аммо яна бир муаммо – бу исломий диншуносларнинг асосий қисмининг консервативлигидир.

Ушбу консерватизмнинг сабаби нимада ва у қандай намоён бўлади? Билишимча, тарихимизда диний таълимни ислоҳ қилиш, дунёвий илмларни жорий этиш, мусулмонларнинг илмий-техникавий ривожланиши, консерватизмни енгиш тарафдори бўлган жадидлар бўлган.

— Гап шундаки, илк совет даврида маҳаллий исломда таъқибга учрагани учун ислоҳот ҳаракати тўхтатилган эди. 1943 йилда Ўрта Осиё мусулмонлари диний бошқармаси қайта тикланиши билан (урушнинг авж палласи!) консерватив шаклдаги ислом, албатта, ҳокимият назорати остида қайта тиклана бошлади.

Ҳар ҳолда, бугунги кунда исломни қайта тиклашнинг муҳим жиҳатларидан бири бу мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган ўша «маърифатли ислом» йўлида муаммога айланиб қолган мусулмон етакчиларининг фиқҳий консерватизмни енгиб ўта олиши. Сиз келтирган иқтибосни эслатиб ўтсам, муҳтарам Президентимиз кўпчиликни “Ислом нурдир” деган фикрга ишонтира олмадик, деб куйинди. Бундай эътиборсизликнинг сабаби шундаки, мамлакатимизда ва Марказий Осиё минтақасида ислом динининг тикланиши маросим ва ақидапарастлик кўрсатмаларининг жиддий ҳукмронлиги билан содир бўлмоқда ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Уламоларимизнинг аксарияти учун бу «мерос» бўлиб, унинг тушунчаси Президент келтирган ибора билан тўғри келмайди. Масалан, “аждодлар мероси” савдо белгиси остида расман лицензияланган нашриётлар томонидан ва электрон шаклда нашр этилган маҳсулотларни кўрганмисиз? Бундай адабиётларнинг 75% га яқинини Қуръон (тафсирлари билан) ва ҳадислар яъни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам!)дан ривоятлардан ташқари фиқҳ, яъни ислом ҳуқуқига оид асарлар ташкил этади. Шуни тушуниш керакки, гап том маънодаги “маънавий мерос” ҳақида эмас, балки фақат диний ақида, диний хулқ-атвор этикасидаги маросим кўрсатмалари ва шу каби бошқа тушунчалар ҳақида бормоқда. Буларни тиклаш керак эмас демоқчи эмасман.

Аммо бундай кузатишлар, ислом уламоларининг фикрича, таржима муаллифлари ёки уларнинг ўқувчилари орасида “ислом мероси” тушунчаси том маънодаги “ислом маданияти мероси” ҳақидаги илмий қарашларга тўғри келмайди, дейишга асос бўлади. Қолаверса, худди шу сабабга кўра, экспертлар постсовет ҳудудида исломнинг тикланиши консерватив шаклларда содир бўлганини айтишади. Бу ҳақда ҳали гаплашамиз.

Бу кўпинча фиқҳий анъанага кўра, дунёвий ҳаёт ҳодисаларини, яъни барча жиҳатларни раъйият асосида талқин қилишга деярли уринишларсиз шахсий, оилавий, ижтимоий ахлоқ ва ҳатто сиёсат меъёрларини асосан ақидавий тушуниш ва талқин қилишни англатарди.

Бошқача қилиб айтганда, исломнинг бундай сингдирилиши ва идроки барча воқеаларга, жумладан, сиёсий воқеаларга ҳам худди шундай фиқхий қарашларни назарда тутади. Яъни, миллий ёки бошқа маданий анъаналарга ишора қилмасдан, фақат диний қарашларни тикланиши, назаримда бизни орқага тормоқда тобора. Зеро, исломни консерватив идрок қилиш қатъий диний хулқ-атвор форматини ёки ҳатто фикрлаш тарзини назарда тутади. Исломнинг консерватив шаклларидан сабоқ олган ва илҳомланган мўмин учун атрофда содир бўлаётган ҳамма нарсани замонавий электрон воситалардан, кибермакон ва бошқалардан фойдаланса ҳам, уни замонавийликка мослаштиришга уринмасдан ўлчайдиган ягона «аршин» ақидадир. Мана шу ислом дини консерватизмининг бугунги кунда намоён бўлишининг асосий хусусиятлари ҳақида қисқача фикрларим.

Биз бу аёвсиз доирадан чиқиб кетишимиз керак, акс ҳолда бошимиз муаммолардан чиқмайди. Дин ҳақида гапираётганимизда — бу барча ақидавий ёндошувлар, одатий консерватизмига эга талқинлар табиий эканлигини тушунаман. Аммо мероснинг ягона шакли сифатида фиқҳни оммавий равишда қайта тиклаш, уни миллий маданиятимиздан, қадимги тарихимиздан, дунёнинг замонавий воқеликларидан узоқлаштириш, жамиятдаги тегишли жараёнларга тайёр бўлиш лозимгини англатади. Медиа маконини тўлдирган ислом тарғиботчи (блогер)ларининг ҳақиқий маданий меросимиз – ажойиб меъморий ёдгорликлар ҳақида, буларнинг барчасини яратган меъмор ва ҳунармандлар ҳақида, бу обидалардаги битик ва нақшларнинг чуқур фалсафий маъноси, китоб миниатюрамиз ва мусулмон рассомлари, хаттотликнинг ажойиб намуналари, хаттотлар, ўрта асрлар ислом мусиқачилари ҳақида гапирганини эшитганмисиз? Таниқли тарихчиларимиз, файласуфларимиз, фармакологлар ва бошқа олимларимиз, шоир ва носирларимиз ҳақида ким нима билади? Нега мадрасаларимизда бу меросимиз ўрганилмайди? Зеро, бутун дунё назарида бу буюк ислом маданиятимиз, ислом цивилизациясининг асоси эканлиги билан ҳеч ким баҳслаша олмайди. Бизнинг меросимизда дунё шуни қадрлайди! Аммо бу ҳақида гапириш учун бу борада билимга эга бўлиш лозим. “Аждодлар мероси” тушунчаси бутунлай бузиб ташланган, фиқҳий меъёрлар билан атайлаб чалкашиб кетган, дейишимнинг яна бир сабаби шу.

Бироқ, бу дин ва у консерватив бўлиши лозим…

— Шундай. Аммо дунё жадал ўзгармоқда! Илмий-техника тараққиёти динни ёки унинг консерватизмини замонавийликка мослашишини кутмайди. Дунё тузилишининг қатъий диний ва фиқҳий меъёрлар асосида қурилган тушунтириш моделлари ўтмишга бориб тақалмоқда. Диндорларимизнинг (айниқса, ёшларнинг) замонавий олимларнинг хулосалари билан мунозаралари ночор кўринади, чунки уларнинг аксарияти кўпинча дин душмани сифатида қабул қилинадиган замонавий илм-фандан йироқдир. Айтганимдек, бу қарама-қаршиликларнинг барчаси кўплаб исломий мамлакатларда ёки аҳолисининг кўпчилиги мусулмонлар бўлган мамлакатларда анча муваффақиятли бартараф этилган ёки енгиб ўтилмоқда. Бизда эса диний муҳитдаги бу жараён жуда кўп тўсиқлар билан, ҳиссий жиҳатдан ва дунёда кечаётган жараёнларнинг моҳиятини тушунишга ҳаракат қилмасдан, тараққиёт қонуниятларини чуқур англамай туриб, фақат фиқҳ орқали тушунтиришга ҳаракат қилинмоқда. Ахир ақида билан дунёда, илм-фанда, техникавий тараққиётлардаги барча жараёнларни тушинтириб бўлмайди.

Назаримда, мамлакатимизда ислоҳот жараёни ҳали бошланмаган ва у содир бўлса, бу жараён жуда оғриқли кечади, чунки мамлакатнинг кўплаб мусулмон илоҳиётшунослари ислоҳотнинг зарурлиги, ҳеч бўлмаганда жадидлар ташаббуси билан бошланган версияда ислоҳот зарурлиги борасидаги ҳақиқий тушунчадан жуда узоқда.

— Аммо ақидаларсиз ва унинг муқаддас кўрсатмаларисиз дин мавжуд эмас.

— Тўппа-тўғри! Динда фиқҳий тузум ҳукмронлигига шубҳа йўқ. Аммо савол бу кимнинг қўлида бўлади, яъни ким томонидан ва нима мақсадда ўзлаштирилиши керак, қандай жараёнлар қўлланилишида «ишлайди». Шу ўринда яна бир тарихий ҳақиқатни айтмоқчиман. Умид қиламанки, бу сизнинг ўқувчиларингизни чарчатмайди, чунки бу замонавий жараёнларни тушуниш учун жуда муҳимдир.

Биласизми, ўрта асрларда, 19-аср бошларигача, муқаддас матнлар – Қуръон ва Суннатни (ҳадисларни) араб тилидан таржима қилиш, ҳатто араб лаҳжаларига кўчириш ҳам тақиқланган эди. Бу уламолар ижмоъаси ила қабул қилинган қоида эди. Кўп йиллик таълимдан ўтмаган, классик араб тилини билмаганлар учун фиқҳий ёки ҳуқуқий масалаларни мустақил талқин қилиш ҳам тақиқланган эди. Қолаверса, таълим олган бўлса ҳам, фақат тегишли соҳанинг таниқли мутахассиси (муфассир – Қуръон шарҳловчиси, мутакаллим – дин ва ақидалар бўйича мутахассис, муҳаддис – ҳадислар бўйича мутахассис, муфтий – ҳуқуқий масалалар бўйича мутахассис ва бошқалар)дан ўзига хос ҳужжат («иршод») олган дин олимларигина Қуъон талқин қилиш ҳақига эга бўлишган. Бунинг сабаби шундаки, бу муқаддас манбалар таркиби ва мазмуни жиҳатидан жуда мураккаб бўлиб, оддий маросимлардан тортиб сиёсий масалаларгача, ёки, масалан, жиҳод турлари ва бошқа кўп нарсаларни ўз ичига олади.

Жиҳодни?!

— Айнан! Бу сўздан қўрқманг. Зеро «жиҳод» турли хил маъноларга эга ва кўпчилик диншунослар айтганидек, унинг асосий маъноси – “Буюк жиҳод” (Жиҳод ул-кабир), яъни ислом ҳақидаги билимларни ўзлаштириш ва ҳадисга кўра, “Кичик” жиҳод (Жиҳоду-с-сағир)дан қайтган Пайғамбар (с.а.в) унга чақирганлар. Ўқувчиларингизда бу борада саволлар бўлса, бу ҳақида кейинроқ гаплашишимиз мумкин.

Ҳозир эса жавобни якунламоқчиман. Шундай қилиб, диний илмларнинг зодагонлашиши ва шунинг учун фиқҳнинг ўзи қаттиқ ҳимояланган ва ҳеч ким бу соҳага махсус тайёргарликсиз ва «иршод»сиз киритилмаган. Зеро, исломда христианликда черков ёки папалик институти бўлгани каби, институт мавжуд эмас, шунинг учун уламолар ва уларнинг зодагон (элита/фузалолар) корпорациясининг роли у ёки бу даражада устуворлигини қўллаб-қувватлаш, айниқса, маросим-ҳуқуқий ва бошқа масалаларни тартибга солишда устун мавқени сақлаб қолиш орқали жамиятни бўлиниш ва низолардан сақлаш имконини берди.

Бундан ташқари, диний илмлар соҳиблари жамиятнинг барча мунозарали масалаларини ўзларининг тор доираларида муҳокама қилишлари, бунга тайёр бўлмаган шахсларни киритмасликлари керак эди. Диний фанларнинг пешволари бундай тизимли жамиятда ижтимоий ва сиёсий мувозанатни таъминлар эди, зеро бу қоидаларни қўллашда ақидавий, ҳуқуқий, ижтимоий, сиёсий ва бошқа соҳалари бир биридан бўлак эди.

Уламоларнинг бутун бир иерархияси мавжуд бўлиб, уларнинг баъзиларида бир вақтнинг ўзида бир нечта (муфассир, мутакаллим, муҳаддислардан олинган) «иршод»лари ўлган. Яъни улар олим (аълимун) эдилар. Фикрлари турли масалаларда бир-бирига мос келмаган диншуносларнинг иерархияси пайдо бўлди. Бироқ, тизим ўзининг яқинлиги туфайли ишлади ва жамоаларда барқарорликни сақлашга имкон берди. Оддий диндорлар одатда имомларга ёки мураккаброқ масалаларда, айниқса, жамият ҳаётидаги турли ижтимоий-иқтисодий ёки сиёсий низолар юзага келганда билимдонроқ илоҳиётчиларга мурожаат қилганлар. Бу, албатта, соддалаштирилган схема, лекин тамойил жиҳатдан бу жамиятнинг тайёр бўлмаган аъзоларини глобал низолар ва муҳокамаларга аралашмаслик ва бўлинишидан қочиш имконини берди.

Тахминан 19-асрнинг ўрталаридан ва айниқса, 20-аср бошларида диний илмлар ва ақидаларнинг бу элитизми бузилди. “Оддий диндорлар” учун муқаддас матнларнинг таржималари ва шарҳлари жуда кўп миқдорда пайдо бўлди, уларнинг таржимонлари аксарияти диний фанлардан жуда юзаки хабардор эди. Муқаддас матнлар билан танишиш учун билимдонлар ва олимлар фикрига мурожаат қилиш мутлақо заруратсиз эди. Энди уларнинг таржималари қўл остида эди ва диний билимларни қўллашнинг авлоддан-авлодга ўтиш мероси тартиби бузилди.

Бугунги кунда диний илмларнинг бу элитизми, демакки, фиқхлар бутунлай йўқ қилинган. Яъни, барча муқаддас манбаларнинг таржималари миллионлаб нусхада таржима қилинади ва бозорга (шу жумладан, медиа майдонига) ташланади ва кўпчилик кучли ва мустаҳкам билимга эга бўлмаган мусулмонлар уларни ўқийди, ҳар доим ҳам тушунаверишмайди ёки кўпинча хато маънода тушунишади ва на фиқҳ билан, на ақл билан тушунтириб бўлмайдиган қилмишлар қилишади. Муқаддас матнлар сариқ матбуот даражасига тушиб кетди! Мана бизнинг муаммомиз.

Бахтиёр Мираимович, катта раҳмат! Менимча, бу суҳбатни давом эттириш учун яхши асос бўлди бугунги интервью. Агар рухсат берсангиз, суҳбатимизни яқин кунларда давом эттирамиз ва юқорида айтиб ўтганим ва ўқувчиларимизни қизиқтирган барча масалаларга тўхталиб ўтамиз.

— Мен тайёрман. Раҳмат сизга!

Суҳбатни мухбир Сайёра Рустамова олиб борди

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистондаги ислоҳотлар таҳлили ва 2030 йилга мўлжалланган стратегик мақсадлар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган...

Больше похожих статей

×