Ўзининг расмий телеграм каналида Саида Мирзиёева Тошкент маҳаллари ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий меросининг Дастлабки рўйхатига киритилганини маълум қилди.
«Бу жаҳон миқёсидаги тарихий воқеадир», — деб ёзади у.
«Эски шаҳар маҳаллалари маданий қатламларини сақлаб қолиш бўйича дастлабки қадамлар 2019 йилда, Венеция архитектура Биенналесида тақдим этилган «Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти» лойиҳаси ишлаб чиқилганда амалга оширилган эди. Маҳаллаларимиз халқаро экспертлар томонидан эко-архитектурани тиклаш, замонавий шаҳарларни оммавий урбанизациядан асраш, шунингдек, ижтимоий қадриятлар ва жамоавийликни сақлаб қолиш усули сифатида эътироф этилди.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ЮНЕСКО билан ҳамкорликда етакчи олим, мутахассис, архитектор ва тадқиқотчиларни бирлаштирди. Олдимиздан оққан сувни, яъни маҳалланинг тарихий қадр-қимматини, миллий маданий ўзига хослигини англай бошлаганимиздан жуда хурсандман.
Табиийки, ушбу ҳудудда ҳеч қандай инвестиция қурилиш лойиҳаларини амалга оширишга рухсат бўлмайди.
Тошкентнинг юраги бўлган қадимий Зарқайнар кўчаси тақдирига самимий қайғураётган барчага — жамоатчилик вакиллари, фаоллар, журналист ва блогерларга миннатдорчилик билдирамоқчиман. Шунингдек, маҳаллани асраб қолиш лойиҳасини қўллаб-қувватлагани ва уни Бутунжаҳон табиий ва маданий мероси дастлабки рўйхатига киритгани учун ЮНЕСКО ташкилотига миннатдорчилик билдирамиз.
Маҳаллани асраб-авайлаш масаласида жамоатчилик масъулияти ва онгли ёндашувига таянган ҳолда, ушбу йўналишда илмий-реставрация ишларини давом эттирамиз».