14.6 C
Узбекистан
Пятница, 29 марта, 2024

Тўй ва пул Самарқанд қўшиқчилик санъати ривожига тўсиқ бўлмоқда…ми?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,190участниковПодписаться
- Advertisement -

Нега Самарқанд қўшиқчилик санъати оқсамоқда? Нега охирги 20-30 йил ичида Самарқанд вилоятидан кўзга кўринарли қўшиқчилар, ҳофизлар етишиб чиқмади? Умуман, вилоятда маданият соҳасидаги аҳвол қандай?

Бу ва шу каби бошқа саволларга вилоят матбуот уйида Самарқанд вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Хўжақул Муҳаммадиев ҳамда Самарқанд шаҳар маданият бўлими бошлиғи Ортиқ Султонов иштирогида бўлиб ўтган матбуот анжуманида батафсил жавоб берилди.

Матбуот анжумани аслида “Маданият марказларида ташкил этилган тўгараклар ва ўтказилаётган тадбирлар”мавзусига бағишланган эди. Аммо меҳнат фаолиятини журналистликдан бошлаган Х.Муҳаммадиев ушбу белгиланган тор доирадан чиқиб, маданият соҳасининг бошқа томонларини ҳам таҳлил қилди. Энг муҳими, муаммоларни очиқ тилга олди, уларни бартараф этиш йўллари хусусида мулоҳазалар билдирди.

Таъкидланишича, вилоятда 78та маданият маркази, 32та болалар мусиқа мактаби ҳамда ихтисослаштирилган санъат мактаби, тўртта театр, 16та маданият ва истироҳат боғи фаолият юргизмоқда. Маданият марказларида 18 хилдаги 484та тўгарак ташкил қилинган бўлиб, уларда 5700 нафардан кўпроқ ҳаваскорлар қамраб олинган.

Хўш, келтирилган рақамлардан қандайдир хулоса чиқариш мумкинми? Таққосламасдан келтирилган қуруқ рақамлар ўқувчига деярли ҳеч нарса бермайди. Буни тушунган маданият бошқармаси бошлиғи уларнинг ҳар бирини шарҳлашга уринди. Масалан, тўрт миллионли вилоят учун 78та маданият маркази нима деган гап? Боз устига улар номутаносиб жойлашган. Айрим аҳоли пунктлари ва кўпгина маҳаллаларда умуман бундай марказлар йўқ.

“Маданият марказлари қошидаги тўгараклар бизнинг бўш жойимиз, – тан олди Х.Муҳаммадиев. – Маданият марказларининг аниқ мавқеи, статуси белгиланмаган. Улардаги тўгаракларни битирганларга ҳеч қандай ҳужжат берилмайди. Тўгаракларнинг ҳам ҳуқуқий мақомини аниқлаб қўйиш керак”.

78та маданият марказидан ҳаммаси бўлиб 25таси ўз биносига эга экан. Мослаштирилган биноларда фаолият юргизаётган маданият марказлари фақат икки ходим билан ишлаётганлиги айтиб ўтилди. Ваҳоланки, улар 12тагача штат бирлигига эга бўлиши мумкин экан.   

Соҳада кўп йиллар ишлаган маданият бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ғанижон Умаров аввалги маданият уйлари жалб қилинган одамлар сонига қараб категорияларга бўлинганини уқтирди. Маданият уйларига махсус муассаса – вилоят халқ ижодиёти уйи раҳбарлик қиларди. Уларга аҳолининг қизиқиши катта эди.

Самарқанд шаҳар маданият бўлимига яқинда раҳбар этиб тайинланган кулгу устаси Ортиқ Султонов соҳадаги муаммолар ва уларнинг ечими хусусида анча жиддий фикр юритди. Ишга киришганига кўп вақт бўлганлигига қарамасдан, соҳанинг қанчалик мураккаб эканлигини, унда фаолият юргизаётган ходимлар нисбатан катта бўлмаган маошда фидойилик кўрсатиб ишлаётганлигини ва яна бунинг устида бепул тадбирларда тиним билмасдан қатнашиб келаётганлигини таъкидлаб, мавжуд имкониятларни пул ишлаш учун сарфлаш устида ҳам бош қотириш вақти келганлини таъкидлаб ўтди.

О.Султонов яқин бир-икки йил ичида Самарқанд санъати ўзини бутун бўй-басти билан намойиш эта олишини, мамлакат миқёсида машҳур санъаткорлар етишиб чиқишига ишонч билдирди. Бу гаплардан кейин камина унда бу  ишонч, оптимизм нимага асосланганлигини сўрадим. Охирги ўн йилликлар давомида Самарқанддан кўзга кўринган қўшиқ устаси чиқмагани сабаби нимада деган саволни ўртага ташладим.

“Тошкентда асли Самарқанд вилоятидан бўлган саъаткорлар оз эмас. Санъат йўналишидаги олий ўқув юртларида ҳам вилоятимиздан кўплаб ёшлар ўқимоқда. Улар ўз устида ишласа, яқин йиллар ичида санъатимзи довруғини ёйишга қодир ижодкорларга айланади”, – О.Султонов.

Х.Муҳаммадиев эса гапни айлантирмасдан вилоятдан чиққан истеъдод эгалари кўзга кўриниши билан тўйларга таклиф этилиши ва уларнинг ўз устида ишлашга, катта устозларга шогирд туриш ҳамда санъатнинг барча қирраларини чуқур ўзлаштиришга вақт ва имконияти қолмаслигини таъкидлади. Улардан айримлари санъатда юксакликка эришиш машаққатидан воз кечиб, топаётган пули билан қаноатланиб қолади.

Бу гаплар ортида катта ҳақиқат ётганлигини аксарият яхши билади. Ёш хонандаларгина эмас, кўп йиллардан бери саҳнада (аниқроғи, тўйларда) қўшиқ айтиб келаётганларнинг қайсиси ўз устида ишлаб, мамлакатимиз доирасада кўзга кўринарли даражада ижод қила олди, янги қўшиғи билан мухлислари кўнглини эгаллади? Айниқса, Бухоро ва Фарғона водийсидан чиққан хонандалар билан солиштирганда, аҳволимиз қанақалиги маълум бўлади.

Фонограмма ва замонавий овоз кучайтиргичлар санъатдан ачна узоқ бўлганларни “хонанда”га айлантирди, маълум даражада истеъдоди борларни эса сўндирди. Улар тўйларда санъат орқали эмас, саноат, яъни техника воситалари орқали пул топишга ўрганиб қолишди. Мана, яқинда бир тўйда “халқ артисти” унвонига эга хонанда тўйхонани бошига кўтариб қўшиқ айтди. Телефонимга юклаб олинган товуш ўлчагич орқали шовқин даражаси 82 децибеллдан юқори эканлигига амин бўлдим. Ваҳоланки, 60 децибеллдан юқориси одам саломатлиги учун зарарли саналади.

Бежиз халқимиз “шовқин темирни ҳам синдиради” демайди. Юқори даражадаги шовқин инсоннинг ўлимига сабаб бўлиши ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган: «Биз уларнинг устига бир қичқириқ юборган эдик, улар худди қўранинг чўплари каби (яксон) бўлдилар» (Қамар сураси, 31-оят).

Тўй якунига етгани сари хонанданинг жазаваси тутиб, гитарасини ҳар хил муқом билан ўйнатарди, шовқин даражаси янада юқорилашиб кетарди ва атрофига тўпланиб олган ширакайф, ўзига ўхшаб санъатни саноат деб тушунадиган шинавандалари узатган пулни териб, ёрдамчиларига узатарди. Пул кираётганлигида ҳамма нарсани, жумладан ўта баланд шовқин нафақат атрофдагиларга, балки унинг ва шерикларининг ўзига ҳам зарар эканлигини инобатга олмаётган эди хонанда. Бундай тўйга борганингиздан пушаймон бўлиб, бошингиз оғриб чиқиб кетасиз. Кимга тўю пул, кимга эса … бош оғриқ.

Ҳа, бундай аҳволни кўриб, Хўжақул Муҳаммадиев истеъдодларни тўй ва пул “бузмоқда” деганида қанчалик ҳақ эканлигига эътироз билдириб бўлармиди? У киши яна бир гапни айтди. Тўйларда хонанда ва раққосалар иштирогини, жумладан мусиқа товуши баландлигини “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими назорат қилиши керак экан. Қизиқ, нега бу муассаса шу вақтгача ўз вазифасини бажармасдан келмоқда?

Умуман олганда, матбуот анжуманида кўпгина масалалар тилга олинди. Уларнинг айримлари журналист Каримберди Тўрамуроднинг “Тескари матбуот анжумани” сарлавҳаси остида эълон қилган мақоласида ҳам баён қилинган.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Бахтиёр Мустанов ва муаллиф туширган суратлар

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Олий Мажлис Сенатининг эллик биринчи ялпи мажлиси 30 март куни чақирилади

28 март куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борди. Унда Сенатнинг...

Больше похожих статей

×