Бугун Тошкентда 3-май – Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» мадиаҳафталиги бошланди. Беш кун давомида конференциялар,мастер-класслар, фильмлар намойишлари, фестиваллар, ижодий учрашувлар, форумлар ва тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳафталикни Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА), MY5 телеканали, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, ЮНEСКО ишлари бўйича комиссия, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи каби ташкилотлар ўзаро ҳамкорликда ташкил этишди.
Эътиборли жиҳати ҳафталик доирасидаги тадбирларга медиа-эксперт Рене Фалькнер (Германия), «Россия сегодня» халқаро ахборот агентлиги бош директори, «Вести Недели» дастурининг муаллифи ва бошловчиси Дмитрий Кисилев (Россия), телебошловчи ва документалист Валдис Пельш(Россия), документалист ва телережиссёр Саида Медведева каби мутахассислар таклиф этилган. Шу билан бирга тадбирда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган Туркия ва Буюк Британиянинг етакчи нашрлари журналистлари иштирок этишади.
Ҳафталикнинг дастури турли форматдаги тадбирларни ўз ичига олади. Хусусан, таклиф қилинган меҳмонларнинг махсус учрашувлари ва маҳорат дарслари, «Янги Замон» ахборот-таҳлилий дастури янги павильонининг очилиш маросими, “Янги Ўзбекистон — янги медиа. Муваффақият сири» мавзусида мамлакатнинг таниқли журналистлари ва медиа-экспертлари иштирокида очиқ мулоқот, телебошловчи ва документалист Валдис Пельшнинг телебошловчилар гуруҳи учун мўлжалланган тренинги, “Шум бола-2021” халқаро кинофестивали шулар жумласидан.
Уюштилаётган тадбирларнинг аксарияти ёшларга бағишланган : махсус тақдимотлар ва медиа-тадбирлар, мамлакатнинг олий таълим муассасалари ва етакчи оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик меморандумларининг имзоланиши, иқтидорли ёшларга махсус жиҳозларни тақдим этиш, ёшлар медиа-студияларининг очилиш маросимлари, ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган фильмларининг очиқ намойишлари ва бошқалар.
— “Янги Ўзбекистондаги ҳаётимиз жадал ривожланмоқда ва атрофдаги барча нарсаларнинг, шу жумладан, медиамаконнинг трансформациясини талаб қилмоқда.
Одамлар ижтимоий тармоқлар, телевидениега кўпроқ қизиқяптилар ва шу сабабдан медиа, истеъмолчиларнинг талабларига қараб ишлаши керак. Шу ўринда Ўзбекистон 60 % ёшлардан иборат мамлакат эканини ҳисобга олиш лозим. Шунинг учун ёшлар талабига жавоб бера оладиган контентни ярата билиш муҳим. Бундай контентни фақат ҳар қандай форматда ишлай оладиган, серқирра ва мамлакат ҳаётини тезкорлик билан ёрита оладиган ёш авлод журналистлари, мултимедия контент муаллифлари яратиши мумкин”, — дея таъкидлади Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов.